Андижон юртида тўлган ой
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмон 1946 йил 1 августда Андижон шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Ўша даврда, шоир туғилган маҳалла шаҳарнинг чекка ҳудуди ҳисобланиб, боғлар, тутзор ва пахтазорлар билан туташ эди.
Фарид Усмон дастлаб Андижон шаҳридаги 14-мактабда таҳсил олиб, еттинчи синфга ўтгандан кейин кечки ишчи-ёшлар мактабига ўқишини кўчирган ва кундузи ишлаб, кечқурун ўқий бошлаган. Оила аъзолари, маҳалладошлари, дўстлари орасида Шаробиддин деб аталган бўлажак шоир ўзбек тили ва адабиёт ўқитувчиси Исомиддин Зокиров таъсирида адабиётга муҳаббат қўйган. Фурқат, Муқимий, Завқий, Машраб шеърларини ўқиб, ёдлаб, ўзи ҳам шеърлар машқ қиларди.
У Андижон давлат институти(ҳозирги Андижон давлат университети)нинг филология факультетига ўқишга кириб, Аманулло Валихонов, Имодиддин Қосимов, Фатҳиддин Исҳоқов каби улуғ устозларнинг сабоғини олган. Ёш шоирнинг илк машқлари 1966 йилда матбуотда эълон қилинган.
1976 йилда Эркин Воҳидов тавсияси билан Фарид Усмоннинг ўнта ғазали Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Ёшлик баёзи”да эълон қилинган. 1979 йилда “Ёш гвардия” нашриётида “Олтин беланчак” туркумида унинг илк китоби – “Водий ғазаллари”да нашр этилган. У ушбу илк китоби билан Абдулла Орипов, Жамол Камол, Нормурод Нарзуллаев, Маҳкам Маҳмуд сингари атоқли шоирлар, олимлар эътирофига сазовор бўлган.
1985-1987 йилларда Москвадаги Максим Горький номидаги жаҳон адабиёти институтининг олий адабиёт курсида таҳсил олган шоир бу йилларда нафақат рус, балки қардош халқлар ва жаҳон адабиёти билан яқиндан танишди. Турли йилларда ёзилган шеър ва ғазаллари жамланган “Умид гулзори”, “Навосиз наво”, “Қадр кечаси”, “Ул қаро кўз бўлмаса”, “Жон қуши” каби китоблари бирин-кетин нашр этилди.
Фарид Усмон олган билимлари, устозлар ўгити, тинимсиз изланиш ва ижод машаққатлари, уйқусиз кечалар эвазига серқирра ижодкор сифатида шаклланди. Ижодкорнинг болаларга бағишланган шеърий, насрий, саҳна асарлари унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. “Оқ олтинга кўк чироқ”, “Бир жуфт бинафша”, “Мен кичикмас, каттаман”, “Қуёш расми”, “Наврўзда ўйна, куйла!” сингари китоблари шулар жумласидандир. Унинг болалар қўғирчоқ театрлари учун ёзган “Рўмолчадаги қиз”, “Ҳовлидаги ҳангома” каби асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллар Марказий Осиё давлатлари қўғирчоқ театрлари танловларида бир неча бор совринли ўринларни эгаллаган.
Мустақиллик йилларида ижодкорнинг “Ҳусн девони”, “Руҳ булбули”, “Шаклар қўшиғи”, “Янги ой” (девон), “Санашни биладиган мушук”, “Шоҳ Бобур юлдузи”, “Ўшал дамлар”, “Ҳар кимнинг ўз хотираси бўлур”, "Вақтичоғлик гуллари", “Қайтиш”, “Парвозга шайланган қалб”, “Ҳаёт ва ҳаё”, "Андижон юртида тўлган ой”, “Топганларим”, “Сени севганим рост”, “Тунда чопган оқ тулпор”, “Ноёб истеъдод эгаси”, “Қуридим қудуғи афсонаси”, “Арузни ўрганиш иштиёқи” каби кўплаб китоблари нашр этилди.
У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бадиий адабиётни тарғиб қилиш марказининг вилоят вакили вазифасида, касб-ҳунар ўқув юртлари тизими учун ўзи ташкил этган “Келажак” газетаси муҳаррири сифатида фаолият юритган йилларида кўплаб ёш истеъдодларни юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратди.
Шоирнинг кўплаб шеър ва ғазаллари Ўзбекистон халқ артистлари Нуриддин Ҳамроқулов, Замира Суюнова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов томонидан куйланган. “Сендадур”, “Сочларингда тун уйқуси”, “Оқ қуш”, “Ширинлигинг шакарлигинг”, “Кумушим дейму сени”, “Ўшал дамлар” қўшиқлари шулар жумласидан.
Адиб кейинги йилларда тарихий мавзуда бир нечта асарлар яратди. “Бобур подшоҳ”, “Хонлар тарихи”, “Чингизхон авлодлари”, “Муҳаммад Шайбонийхон қисмати”, “Мусулмон сайёҳлар”, “Навоий туғилган жой”, “Бобур туғилган жой” каби китоблари ўз мухлисларини топди. Ижодкорнинг шу кунгача назмий, насрий, публицистик, саҳна асарларидан иборат етмишга яқин китоблари адабиёт мухлисларига тортиқ этилди.
Устоз адибнинг ҳаёт тарзи тинимсиз изланиш, янги асарлар яратиб, китобхонлар, адабиёт ихлосмандларини хурсанд қилиш билан чамбарчас боғлиқ десак асло муболаға бўлмайди. Жорий йилда у ўн жилдли “Асарлар” тўпламини китобхонлар эътиборига ҳавола этганлиги фикримизга мисолдир.
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари, фидойи юртдошларимиз ютуқлари акс этган қатор асарлари орқали миллий адабиётимиз хазинасини бойитиб келаётган атоқли адиб Фарид Усмон бу йил 80 ёшни қарши олди.
Мазмунли умри, самарали ижодий фаолияти билан китобхонлар, санъат, адабиёт мухлислари эътиборини қозонган адибга бундан буён ҳам миллий адабиётимиз тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш йўлидаги ишларида мустаҳкам соғлиқ, ижодий баркамоллик тилаб қоламиз.
Хуршида Ваҳобжон қизи,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА