Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармалари томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда кадастр тизимини ривожлантириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари, туман, шаҳар бўлим ва филиаллари томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– Бошқармамиз, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан 2021 йилда жами 767 та ҳолатда 108,7 гектар ер майдонидан ноқонуний тарзда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида 251 та ёки 32,7 фоиз ноқонуний ҳолат бартарараф этилди. Ер майдонлари асл ҳолига қайтарилди, 133 та ҳолат бўйича эса суд органларига даъво аризалари киритилган. Ердан фойдаланиш, тасарруф этиш юзасидан қонунбузилиш холатлари бўйича 2 минг 104 та ҳуқуқбузарга маъмурий баённома расмийлаштирилган. Натижада уларга нисбатан 1 миллиард 313 миллион 265 минг сўмдан зиёд жарималар қўлланилган. Ўтган давр мобайнида қўлланилган жарималарнинг 78 фоизи ёки 653 миллион 991 минг сўм миқдордаги маблағ ундирилган.
Шунингдек, анжуманда Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан ўтган 2021 йилда 14 миллиард 201 миллион сўмлик кадастр хизматлари кўрсатилганлиги айтилди.
Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун жами 7 минг 384 та бўш ер участкалари “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилиб, шундан 1 минг 577 та бўш ер участкалари аукцион савдолари орқали сотилган. Шунингдек, 554 та бўш ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилган. Бундан ташқари, вилоят бўйича умумий майдони 261 минг 243 гектарни ташкил этадиган 11 минг 519 та қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотлар “Uzkad” электрон платформасига киритилган. Шундан 9 минг 553 та фойдаланишда бўлган ер майдонларига нисбатан ҳуқуқлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 августдаги “Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳам маълумотлар берилди. Хатлов жараёнида Асака туманида 61 минг 718 та, Шаҳрихон туманида 52 минг 39 та, жами 113 минг 757 та турар-жой мавжудлиги аниқланган. Ҳуқуқий ҳужжатлари бўлмаган 82 минг 338 та хонадон аниқланган.
Анжуманда бошқармаларнинг 2022 йилдаги асосий вазифа ва иш режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган барча саволларига мутасадди ва мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
[gallery-5501]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА