Андижон шаҳрининг қатор ҳудудларида велосепедлар учун махсус йўлакчалар барпо этилмоқда.
Ҳар бир ҳудуднинг қиёфасига кўрк бағишловчи жиҳат ўша гўшанинг йўллари, инфратузилмаси ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ободончилик, бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда йўллар қуриш, мавжуд йўлларни таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Андижон шаҳрининг 1- ва 2- кичик даҳаларида велосепедлар юриши учун яшил ва қизил йўлакчалар барпо этилаётганлиги аҳолига янада кенг қулайликлар яратади.
Велосепедлар учун йўлакча қурилиши энг аввало, автомобиллар қатнови учун ноқулайлик туғдирмайди. Бу эса нафақат йўл ҳаракати хавфсизлигини, балки экологик мусаффоликни таъминланишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда Андижон шаҳри биринчи кичик даҳасида 1 минг 650 метр қизил рангдаги вело йўлакчалари қуриб битказилган бўлса, шаҳарнинг иккинчи кичик даҳасида 1 минг 190 метр яшил рангдаги вело йўлакларни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
– Айниқса, эрталаб ишга бориш ва ишдан қайтиш пайтларида шаҳарнинг асосий йўлларида тирбандликлар юзага келади, – дейди Андижон шаҳрида яшовчи Аъзамжон Қодиров. – Шу боис, ишга велосепедда бориб-келишни маъқул топаман. Бу энг аввало, хавфсиз, қолаверса, саломатлигим учун жуда фойдали. Шаҳримизда велосепедлар учун махсус йўлакчалар барпо этилаётганлигидан жуда хурсанд бўлдим.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, Андижон шаҳрининг учинчи, тўртинчи ва бешинчи кичик даҳаларида ҳам велосепед йўлаклари ўзига хос рангларда бунёд этилиши режалаштирилмоқда.
[gallery-1688]
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзA