Андижон шаҳрида экопарк иш бошлади
Андижон шаҳри марказида умумий майдони 4 гектар бўлган Экопарк очилди.
Андижон шаҳрининг Ўрикзор маҳалласидаги Ёшлар боғи ҳудудида ташкил этилган Экопаркнинг очилишига бағишланган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этди.
Табиат мусаффолиги, табиийликни сақлаш мақсадида ташкил этилган, умумий майдони 4 гектар бўлган Экопаркка 40 дан ортиқ турдаги 5 минг туп дарахт кўчатлари экилди, 2 гектар майдонга чим ётқизилди.
Экопарк ҳудудида аввал мавжуд бўлган 3 та фаввора қайта таъмирланди, яна 3 та ўзига хос кўринишга эга янги фаввора барпо этилди. Шунингдек, парк ҳудудида замонавий болалар майдончаси қурилиб, 10 га яқин аттракционлар ўрнатилди.
Аҳоли, хусусан, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишларини ошириш, спорт билан шуғулланишларига янада кенг имконият яратиш мақсадида “Street workout” майдончаси бунёд этилди.
Экопаркда аҳолига, шаҳар меҳмонларига эстетик завқ бағишловчи ландшафт дизайн асосида кичик майдончалар, суҳбатгоҳлар ташкил этилди. Шунингдек, Экопарк ҳудудидаги очиқ осмон остида концерт, кўнгилочар тадбирлар ўтказишга мўлжалланган саҳна таъмирланди.
– Вилоятимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хонадон, кўча, гузар ва маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида тозалик, покизаликни сақлаш, экологик мусаффоликни таъминлаш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Ойбек Юлдашев. – Барпо этилган Экопарк ҳам ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.
Замонавий, ўзига хос, табиатнинг табиий гўзаллигини кўрсатувчи мазкур маскан нафақат андижонликлар, балки шаҳар меҳмонлари билан гавжум бўладиган масканлардан бирига айланади.
Экопаркнинг очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.
[gallery-4203]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА