Андижон шаҳри кўчаларини сув босди...
Кеча тунда ва бугун кун бўйи тинмай ёмғир ёғиши натижасида Андижон шаҳрининг қатор кўчаларини сув босиб, пиёдалар ва транспорт воситалари ҳаракатида муаммолар юзага келди.
Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, юзага келган фавқулодда ҳолатни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
[gallery-9194]
Айниқса, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Андижон шаҳар бўлими ходимлари томонидан Андижон шаҳрининг Амир Темур шоҳ кўчасининг Темирйўл вокзали рўпарасидаги қисми, Абдурауф Фитрат, Университет (кичик осма йўли) ва бошқа қатор кўчаларида тўпланган сувни кўчалар бўйидаги бинолар ҳамда аҳоли хонадонларига кириб кетишининг олдини олиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, кўчаларда тўпланган кўп миқдордаги сувлар махсус техникалар ёрдамида тортиб олиниб, хавф бартараф этилди.
Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан шаҳарнинг асосий чорраҳаларида юзага келаётган тирбандликларни бартараф этиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутасаддиларининг маълум қилишича, ёғингарчилик туфайли юзага келган ҳолатдан аҳоли хонадонлари ёки бирор бир объектнинг зарар кўрганлиги юзасидан маълумотлар келиб тушмаган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА