Андижонда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда уларнинг оталари ўртасида "Ёшлик рақси” деб номланган танлов ўтказилади.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш, халқимизнинг миллий қадриятларини улуғлаш ҳамда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида "Андижон полкаси" ижроси бўйича “Ёшлик рақси” кўрик-танлови ташкил этилди.
[gallery-236]
– Андижонликлар, айниқса, ёшларимиз “Андижон полкаси” билан фахрланадилар, – дейди Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов. – Таниқли мусиқачи, Ўзбекистон Халқ артисти Орифжон Тошматов томонидан яратилган, “Андижон полкаси” номи билан маълум ва машҳур бўлган рақс ҳар қандай кишига шижоат, интилиш, руҳий кўтаринкилик бахш этади. Рақснинг ана шу жозибаси орқали ёшларимиз қалбида Ватанга, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш танловнинг бош мақсадидир.
Танлов икки йўналишда "Ўқувчиларнинг оталари ижросида “Андижон полкаси" ҳамда "Ўқувчилар ўртасида “Андижон полкаси" челленж усулида ўтказилади. Яъни ижро этилган рақслар видеотасвирга олиниб, вилоят халқ таълими бошқармасининг телеграмм каналига жойлаштириб борилади.
“Андижон полкаси” рақси ижроси акс этган ва юборилган видеотасвирлар мутахассислар ҳамда мухлислар томонидан кўриб борилади. Жорий йил янги йил байрами арафасида якунланадиган танловнинг энг моҳир ижрочилари муносиб рағбатлантирилади.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА