Қанча вақт ўтса-да, хотира абадий
Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” базмгоҳида ҳам бир гуруҳ самарқандлик Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчилари давлатимиз раҳбарининг Ғалаба боғидаги табригини шу ерда тингладилар.
Муносабат
Кеча пойтахтимиздаги Ғалаба боғидаги амфитеатрда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган байрам тадбирида вилоятларда истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фахрийлари онлайн иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” базмгоҳида ҳам бир гуруҳ самарқандлик Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчилари давлатимиз раҳбарининг Ғалаба боғидаги табригини шу ерда тингладилар.
Бўрон ГАДОЕВ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси:
– Бу йил карантин туфайли Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланмайди, деб ўйлагандим. Лекин Ургут тумани ҳокимлиги вакиллари келиб, Самарқандга байрамга борасиз, Президентнинг табригини эшитасиз, деганларида жуда хурсанд бўлдим. Барака топишсин раҳбарларимиз, ўзлари машинада олиб келиб, жуда яхши кутиб олишди. Учрашув бошланишидан олдин вилоятимиз ҳокими Президентимизнинг эсдалик совғалари, пул мукофотини топширди, кўксимизга яна медал тақиб қўйди.
Байрамда Шавкат Мирзиёев билан шундай рўпарама-рўпара тургандек, у кишининг табрикларини эшитдик. Шундай оғир пайтда бизга байрам қилиб бергани учун миннатдормиз. Кутмагандик, аммо кутганимиздан ҳам яхши ўтказишди.
Яратганга шукр, Ғалабанинг 75 йиллигини ҳам нишонлаш насиб этди. Илоҳим, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Дилбар ИМОМОВА, меҳнат фахрийси:
– Тошкентда шундай чиройли, кўркам Ғалаба боғи барпо этилганини кўриб, барчамизнинг кўзимизга ёш келди. У ердаги ёдгорликлар, тарихий маълумотлар халқимиз Иккинчи жаҳон уруши чоғида қандай машаққатли кунларни бошидан ўтказганини ҳикоя қилади. Айниқса, урушда беш фарзандидан жудо бўлган тошкентлик Зулфия ая Зокирова тимсолида ўзбек аёлларининг жасорати, сабру бардошига бағишлаб “Матонат мадҳияси” монументининг бунёд этилганидан қалбимиз тўлқинланди. Вилоятимиз раҳбарлари айтишди, насиб этса, карантин тугаганидан сўнг нуронийларнинг ушбу боққа саёҳати уюштирилар экан. Нафақат, кексалар, балки ёшларни бундай жойларга саёҳатини кўпроқ уюштириш керак. Токи улар Иккинчи жаҳон уруши ҳақида, бу урушда халқимиз кўрсатган матонат ва жасорат ҳақида маълумотга эга бўлишсин, тинчлик-хотиржамликнинг қадрига етишни ўрганишсин.
Карантин шароити бўлса-да барча зарур чораларни кўриб, мана шундай чиройли байрам тадбири уюштирилганидан бошимиз кўкка етди.

Бектемир Қаршибоев, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси:
– Ҳар йили 9 майда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг номимизга ёзилган тарбикномалари, турли совға-саломларни оляпмиз. Бу эътибор бизга куч беради. Бу йил совғалар яна ҳам кўп экан, эсдалик медал, китоб, альбом ва бошқа буюмлар. Совға қилинган эсдалик соатида “Қанча вақт ўтса-да, хотира абадий!” деган ёзув бор экан. Ҳақиқатан ҳам урушдан кейин бир инсон умридек вақт ўтган бўлса-да у пайтдаги хотиралар биз билан бирга, халқимизнинг хотирасида. Фронтда жон берган сафдошларимиз ҳам доим бизнинг ёдимизда.
Илоҳим, дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин!
ЎзА мухбири
Ғолиб ҲАСАНОВ
ёзиб олди.