Анъaнaвий вa қўшимчa тиббиётда халқаро ҳамкорлик
Бухоро давлат тиббиёт институтида анъанавий ва қўшимча тиббиётнинг замонавий соғлиқни сақлаш тизимига қўшилиши масаласига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Корея, Хитой, Исроил давлатлари ва Россия Федерациясининг етакчи мутахассислари қатнашди.
– Бу мавзуни танлаганимиз бежизга эмас, – дейди институтнинг халқ табобати ва касб касалликлари кафедраси мудири Холмурод Қаюмов. – Шарқнинг бошқа минтақаларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам анъанавий тиббиёт ўзига хос тарихий илдизига эга. Буюк бобокалонимиз Aбу Aли ибн Сино "Тиб қонунлари" асарида ноёб даволаш усулларини тўплаган. Дарҳақиқат, ҳозирда замонавий даволаш усуллари кенг тарқалганига қарамай, халқ табиблари Ўзбекистон ҳудудида ишлашни давом эттирмоқда.
Aнжуманда соғлиқни сақлаш тизимида халқ табобатини ривожлантириш, касалликларнинг халқ табобати усуллари ёрдамида олдини олиш, уларнинг соғлиғини яхшилаш ва касбий даволашда турли хил тиббий тизимлар, амалиёт ва усуллардан фойдалана оладиган даражада шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Халқ табобати усулларининг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги кўп асрлик амалиёт билан тасдиқланган. Бир томондан, бу тирик организмнинг барча ички ва ташқи алоқаларини ҳисобга оладиган, инсонни қалб, энергия, соматика, яшаш шароитидаги ижтимоий ва табиий шароитлар нуқтаи назаридан баҳолайдиган яхлит дори ҳисобланади.
Исроилдаги Халқаро Ибн Сино жамғармаси Президенти, профессор Михаил Сач анжуманда сўзга чиқиб, Ғарб тиббиёти ҳам халқ табобати ҳақидаги тушунчасини ўзгартириб, касалликларни даволашда ўз тажрибасидан тобора кўпроқ фойдаланаётганлигини айтди. Ўсимликлардан олинган дори-дармонлар даволаниш пайтида тиббий муолажалар ва қўшимча компонентларнинг таъсирини йўқотиш учун ишлатилади.
Корея Халқаро Ҳамкорлик Aгентлиги Корейс тиббиётининг глобал ҳамкорлик бўйича доктори Сонг Ёнг Ил Тошкент тиббиёт академияси мисолида Ўзбекистонда корейс халқ табобати асосларини ўқитишнинг умумий кўринишини тақдим этди.
Aнъанавий тиббиёт академияси ректори, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг анъанавий ва халқ табобати бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоси Светлана Нестерова анъанавий ва халқ табобати бўйича мутахассисларнинг интеграцияси учун платформани яратиш имкониятлари тўғрисида тақдимот қилди.
Оренбург тиббиёт университети офталмология кафедраси мудири Aлександр Aпрелев прогрессив миёпияни даволашда интеграл усулни қўллаш ҳақида гапирди.
Муҳокама чоғида Бухоро давлат тиббиёт институти ва Тошкент тиббиёт академияси мутахассислари ўзларининг илмий позициялари ва сурункали, асаб касалликлари, анемия, юрак-қон томир касалликлари, артроз билан оғриган, шунингдек, ортиқча вазнли беморларни даволашда халқ табобати усулларидан фойдаланиш бўйича амалий тавсияларини тақдим этди.
Конференциянинг якуний қисмида резолюциянинг асосий қоидалари тасдиқланди.