ФОТОРЕПОРТАЖ
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудлари қатори Хўжайли туманида ҳам ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Туманда асосан, ёғочсозлик, металл ҳамда тунукадан маҳсулотлар ясаш, гилам тўқиш, каштачилик, миллий либослар тикиш анча такомиллашмоқда.
[gallery-5639]
Шу кунга қадар туман бўйича жами 260 нафар фуқаро “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган. Шу билан бирга, тижорат банкларининг имтиёзли маблағи эвазига 110 тага яқин лойиҳа амалга оширилган.
– Қорақалпоқ халқининг ўтмишидан сўзловчи қора уй (ўтов) ясаш билан шуғулланаман, - дейди 62 ёшли уста ҳунарманд Файзулла Назарбоев. – Кўплаб шогирдларим бор. Аждодларимиздан мерос бу ҳунарни ёшларга ҳам ўргатиб, анъаналар давомийлигига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.
Файзулла Назарбоев мамлакатимизда ўтказиладиган нуфузли фестивалларда доим иштирок этиб келади. Ҳунарманднинг исм ва фамилияси “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги”га киритилган. Уста қора уйдан ташқари, эшик, дераза, бешик, дарвоза каби ёғоч маҳсулотларини ҳам маҳорат билан ясайди.
ЎзА фотомухбири
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар.