ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп туманида асрлар давомида шаклланиб келаётган халқ амалий санъатининг Ғурумсарой кулолчилик мактаби ўз анъаналарини сақлаган ҳолда авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Анъаналар давомийлигини таъминлаш ва уни ривожлантиришда уста Ваҳобжон Буваевнинг хизмати беқиёс.
Намангандаги “Ғурумсарой” халқ ҳунармандчилиги ва касб-ҳунарга ўргатиш маркази устанинг саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилган. Ушбу марказ фаолиятининг асосий мақсади талабалар, мактаб ўқувчилари, ёшлар, хотин-қизлар, имконияти чекланган шахсларни халқ ҳунармандчилигига ва касб-ҳунарга ўргатиш, касб маҳоратини оширишга кўмаклашишдан иборат. Мактабда асосан табиий хомашё ва ранглардан фойдаланилган ҳолда иш бажарилади. Буюмларга нақш беришда асосан гуллар ва геометрик шакллар ишлатилади. Идишлар нақшида гулларнинг “Чорбарг”, “Гажжаклар”, “Туя кўз”, “Бодомча”, “Ларзана”, “Илон йўли” каби намуналари кўп учрайди.
Ҳунарманд ишқорли сир олишда “гуляк” ўтлари йиғиндисидан фойдаланиш, буюмлар шаклини кулолчилик дастгоҳида ишлаш, безакдор нақшларни қўлда чизиш каби анъанавий технологияларни қўллайди. Лаган, четлари ташқарига қайрилган тоғоралар ва қаймоқдон, хурмо, сут учун кўза каби турли майда буюмлар нафис ва бежиримлиги билан киши ҳайратини оширади.
[gallery-25572]
Уста 1969 йилда Ғурумсаройда таваллуд топган. У кулолчилик сирларини моҳир кулол Мақсудали Туроповдан ўрганиб, бугун ўзи ҳам устози каби шогирд тайёрламоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА фотомухбири