Анъана ва инновациялар – маҳсулот сифатининг омили
Юртимиз замини азалдан деҳқончилик маданияти, айниқса, ўзига хос таъми, хушбўйлиги ва сифати билан ажралиб турадиган қовун ҳамда тарвузлари орқали дунёга танилган.
Асрлар давомида шаклланган полизчилик анъаналари бугунги кунда илм-фан, инновацион технологиялар ва замонавий ишлаб чиқариш ёндашувлари билан уйғунлашиб, соҳани янги тараққиёт босқичига олиб чиқмоқда. Хусусан, қовунни қуритиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш жараёнларини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш, маҳсулот сифати ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу борада Сирдарё вилоятининг Ховос туманида фаолият юритаётган "Мирзачўл–Агро Стар" МЧЖ томонидан амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар алоҳида эътиборга лойиқ
— "Мирзачўл–Агро Стар" МЧЖ полиз маҳсулотлари етиштириш йўналишида фаолият юритади, — дейди жамият раҳбари Шерзод Қурбонов. — Фаолиятимизни самарали ташкил этишда Ўзбекистон Миллий банки яқин ҳамкоримиз ҳисобланади. Бугунги кунда саккизта туманни қамраб олган ҳолда Хоразм, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида иш олиб боряпмиз. Аҳолининг бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш мақсадида полиз маҳсулотларини қайта ишлашни ҳам йўлга қўйдик. Илк лойиҳани Ховос туманидаги "Оқчангал" маҳалласида амалга оширмоқдамиз. Ўрганишлар давомида маҳалла аҳолиси қовунни анъанавий тарзда, очиқ ҳавода қуритаётганини кўрдик. Бу эса маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, лексан ва плёнка қопламали иссиқхоналарда қовун қуритиш технологиясини жорий этиш таклифини бердик. Ҳозир ушбу лойиҳа тажриба тариқасида амалга оширилмоқда. Ишонамизки, бу тажриба нафақат "Оқчангал", балки бошқа ҳудудларда ҳам кенг қўлланилади. Асосий мақсадимиз — экологик тоза маҳсулот етиштиришни рағбатлантириш, аҳоли даромадларини ошириш ва экспорт ҳажмини кенгайтиришдир. Бу жараёнга Хитойдан малакали мутахассисларни ҳам жалб этганмиз.
Мазкур ташаббус маҳаллий аҳолининг кўп йиллик тажрибасини халқаро илғор технологиялар билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда. Маълумки, "Оқчангал" маҳалласи аҳолиси узоқ йиллардан буён қовун ва бошқа полиз маҳсулотларини қуритиш ҳамда қадоқлаш билан шуғулланиб келади. Энди эса бу жараён Хитойнинг замонавий технологиялари асосида такомиллаштирилмоқда.
— "Мирзачўл Агро Стар" МЧЖ жамоаси билан ҳамкорликда полиз маҳсулотларини етиштириш, қуритиш, сақлаш ва қадоқлаш бўйича Хитойда синовдан ўтган технологияларни жорий этмоқдамиз, — дейди хитойлик технолог Лиу Липинг. — Ўзбекистоннинг қовунчилик анъаналари бизда катта қизиқиш уйғотди. Замонавий технологиялар билан маҳаллий тажрибани уйғунлаштириш орқали янада юқори натижаларга эришиш мумкин. Бу лойиҳалар маҳаллий аҳоли учун янги иқтисодий имкониятлар яратиб, маҳсулотларнинг қўшилган қийматини оширади ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлайди.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида икки хонадон тажриба майдони сифатида танлаб олинди. Биринчи хонадонда плёнка қопламали иссиқхона қурилиб, қовунларни махсус осма усулда қуритиш технологияси жорий этилди. Иккинчи хонадонда эса лексан қопламали иссиқхона барпо қилиниб, маҳсулотлар махсус стеллажларда қуритилмоқда.
— Қовун қоқини шу вақтгача анъанавий усулда тайёрлаб келардик, — дейди тадбиркор Рустам Жувашов. — Энди эса "Мирзачўл Агро Стар" кўмагида замонавий қуритиш ускуналари ўрнатилди. Бу нафақат қовун, балки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам сифатли қуритиш имконини бермоқда. Олимлар янги технологиялардан фойдаланишни ўргатишяпти. Қувонарлиси, ускуналар қуёш энергияси асосида ишлайди. Бу эса энергия тежамкорлигини таъминлайди. Бугун аҳолидан ҳам шундай қурилмаларни ўрнатиш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур технологиялар маҳсулотнинг табиий ранги, таъми, хушбўйлиги ва озуқавий қийматини сақлаб қолиш билан бирга санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб беради. Шунингдек, қуритиш жараёни тезлашиб, экспортбоп юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти кенгаяди.