“Anadolu” ОАNА мукофотига сазовор бўлди
Дунёнинг 35 давлатидан 44 агентликни бирлаштирган Осиё ва Тинч океани ахборот агентликлари ташкилоти - ОАNА “Anadolu” агентлигининг экологик лойиҳаси – “Яшил чизиқ”ни мукофот билан тақдирлади.
ОАNА Бош котиби Ли Жун-Сеунг ташкилотга “янги ғояларни амалга ошириш ва глобал журналистикада етакчи бўлишга” қаратилган бешта ариза келиб тушганини айтди.
“2020-2021 йилларда ахборот агентлиги фаолиятидаги улкан ютуқлари учун” мукофотини топшириш расмий маросими 23-26 ноябрь кунлари Теҳронда ОАNА Бош Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтади. Охирги марта ушбу мукофотни ТАСС 2019-2020 йиллардаги фаолияти учун қўлга киритган.
“Anadolu” агентлиги томонидан 2022 йил 1 апрелдан бошлаб экологик кун тартибини тарғиб қилиш ва ўқувчилар эътиборини атроф-муҳит муаммосига қаратиш мақсадида “Yeşilhat” – “Яшил чизиқ” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Агентлик абонентлари атроф-муҳитга оид масалалар бўйича бюллетенларни вақти-вақти билан ва бепул олади.
ОАNА 1961 йил декабрь ойида Бангкокда ЮНЕСКО ташаббуси билан чақирилган Осиё миллий агентликлари конференциясида ташкил этилган. Тузилманинг асосий вазифаси минтақа давлатлари ўртасида ахборот алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида ахборот оқимидаги номутаносибликни бартараф этишдан иборат. 2002 йил февраль ойидан бошлаб ОАNА тизимида ягона ахборот хизмати ишламоқда.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА