Вазирлар Маҳкамаси“Хоразм вилояти ҳудудидан оқиб ўтган Амударё дарёсининг қиргоқ ҳимоя дамбалари ва иншоотларини сел-тошқин сувларидан ҳимоя қилиш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, Амударёнинг қиргоқ ҳимоя дамбалари ва иншоотларини сел-тошқин сувларидан ҳимоя қилиш учун “Хоразм” миллий табиат боғининг рекреация зонаси ҳудудидаги “Тангрикўл” карьерининг 14-участкасида жойлашган 19 гектар ер майдонидаги харсанг тошлардан фойдаланилади.
Ҳудуд белгиланган тартибда захирага олинади ва Амударё Чапқирғоқ ҳимоя дамбалари бошқармасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги карьердан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фойдаланишни;
атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилишини;
фавқулодда ҳолатлардагина Амударё дарёсининг қирғоқбўйи зонасини мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланишни;
фойдаланиш натижасида бузилган ерларни рекультивация қилиш ишлари амалга оширилишини;
норуда фойдали қазилмалар қайта ишланган ва сотилган ҳолларда, ер қаъридан фойдаланганлик учун белгиланган тартибда солиқлар тўланилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ажратиладиган ер майдонидан фойдаланиш даврида атроф-муҳит муҳофазасига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилиши ва бузилган ерлар рекультивация қилиниши устидан назорат ўрнатади.
ЎзА