Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Хаитов амударёлик ёшлар билан учрашди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида берилган топшириқлар ижроси бўйича Амударё туманининг “Қиличбой” овул фуқаролар йиғинидаги "Якупбой Аширов" фермер хўжалиги ерларидан 54 нафар ёшга 0,20 сотихдан ер ажратиш юзасидан семинар ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокими, туман ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб – қувватлаш бўлими бошлиғи, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда фермер хўжалиги рахбарлари иштирок этди.
Ёшларга иккиламчи шартнома асосида ер майдонлари топширилиб, асосан полиз экинлари каби бир йиллик экин маҳсулотлари етиштирилиши назарда тутилмоқда. Бунда фермер хўжаликлари томонидан зарур агротехник тадбирлар амалга оширилиб, ёшларга ер майдонлари тайёр ҳолатда топширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Спикер ўринбосари Актам Хаитов ҳозирги вақтда ёшларга ер ажратиш жараёни ўтган йили амалиётга киритилган Ер кодексидаги ерни иккиламчи ижарага бериш борасида қонунга киритилган ўзгаришлар, ҳукумат тасдиқлаган вақтинчалик тартиб ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинаётганлигини қайд этди. Шунингдек кооператив аъзолари муносабатларини тартибга солиш учун "Қишлоқ хўжалиги кооперативлари" тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги, ёшларга ер ажратиш жараёнида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш масалаларида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашлари ҳам яқиндан ёрдам кўрсатиб келаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Мазкур жараёнда деҳқончилик ишини бошлаган ёшларга ерларни тайёрлаш, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш ҳамда улар томонидан етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда сотиш, шу жумладан, уларни тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш тўғрисидаги масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Семинар якунида янгидан барпо этилаётган боғларга мевали дарахт кўчатлари экилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА