Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги шодиёналари Республикамиз бўйлаб Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ва бўлинмаларда кенг нишонланмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ўз жанговар-хизмат вазифаларини бажараётган сарҳадларимиз посбонлари ва уларнинг оила аъзолари ҳам бу йилги байрамни янги ҳарбий шаҳарчада ўзгача қувонч ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой тарзда кутиб олмоқдалар.
Уларга муносиб туҳфа сифатида фойдаланишга топширилган янги биноларнинг очилиш маросимида Чегара қўшинлари масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этдилар. Тадбир давомида, бугун миллий армиямиз қудратини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар эътироф этилиб, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги бевосита ҳарбийларнинг ижтимоий ҳимояси билан узвий боғлиқ эканини инобатга олган ҳолда, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва муносиб хизмат ҳамда турмуш шароитларини яратиш масаласи соҳадаги янгиланишларнинг бош омили сифатида намоён бўлаётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, айни дамда фойдаланишга топширилаётган Чегарани қўриқлаш взводи маъмурий биносида ҳам ҳарбий хизматчилар учун замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган хизмат хоналари, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардаларнинг ҳаёти ҳамда ҳарбий маҳоратидан ҳикоя қилувчи хоналар, жисмонан чиниқишлари учун спорт зали, кутубхона ва тиббиёт пунктининг мавжудлиги, юқоридаги фикрларнинг амалдаги ифодаси экани таъкидланди.
Самимий тилаклар-у қутловлар билдирилганидан сўнг, шаҳарча ҳудудида элпарвар ўғлонлар ва уларнинг оила аъзолари учун барпо этилган янги, замонавий хизмат хонадонларининг калитлари ўз соҳибларига топширилди.
- Бугун биз учун қўшалоқ байрам. Истиқлолимизнинг 33 йиллик шодиёнаси арафасида оиламиз билан бирга янги хизмат хонадонининг калитини тантанали тарзда қабул қилиб олдик. Эътироф этиш жоизки, сўнгги йилларда Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони бошчиликларида олиб борилаётган самарали ислоҳотлар натижасида, энг чекка, олис ҳудудларда жойлашган ҳарбий қисм ва бўлинмаларимизнинг ҳам инфратузилмаси, моддий-техник таъминоти тобора такомиллашиб бормоқда. Бу эса албатта, бизга ўзгача кайфият, кўтаринки руҳ ва куч-қувват бағишлайди. Фурсатдан фойдаланиб, сафдошларим ва оилам номидан юртбошимизга чуқур миннатдорчилик билдирамиз, - дейди I даражали сержант Элбек Турсунов.
Дарҳақиқат, инсон қадри улуғланаётган, ҳар бир фуқаронинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб, бахтли ҳаёт кечириши учун барча қулайликлар яратилаётган жонажон юртимизда, сарҳадларимиз ҳимоячилари бундай юксак эътибордан руҳланиб, янги-янги зафарлар сари олға қадам ташлашлари, шубҳасиз.
Майор Фарида Бобожонова
ДХХ Чегара қўшинлари