Аксарият инсонлар амнистия ва афв битта нарса деб ўйлашади. Сабаби, иккаласининг ҳам асосий мақсади битта — меҳр-шафқат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, жиноят содир этган шахсни кечириш ва уни жазодан бутунлай ёки қисман озод қилишдир.
Бироқ шундай бўлса-да, бу икки тушунча айрим жиҳатлари билан бир-биридан фарқланади.
Афв, бу – муайян шахслар учун, уларнинг шахсини тавсифловчи маълумотлар (ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволи)ни инобатга олиб, жазодан озод қилиш ҳисобланади.
Амнистия эса аниқ шахсларга эмас, умумий тоифаларга эълон қилинади. Масалан, 18 ёшга тўлмаган шахслар, аёллар ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этганларга амнистия акти қўлланилди, дейлик. Бунда амнистияга неча киши тушиши, кимлар тушиши олдиндан аниқ бўлмайди. Афв ҳужжатида эса кимларга қўлланилаётгани номма-ном ёзилади.
Афв фақат суд ҳукми билан жазо тайинланган маҳкумларга эълон қилинади. Амнистия эса жиноят процессининг исталган босқичида – дастлабки тергов, суриштирув, терговга қадар текширув ва ҳаттоки жиноят ишини қўзғатишгача бўлган босқичда ҳам қўлланилиши мумкин.
Бошқача айтганда, амнистиянинг афв этишдан фарқли хусусияти шундаки, амнистия кенг мазмунга эга бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликдан ҳам, жиноий жазодан ҳам озод қилади.
Амнистия акти чиққандан кейин, уни кимларга қўллаш масаласини ҳал қилиш узоққа чўзилади ва кўплаб ташкилий жараённи ўз ичига олади. Афвни қўллаш эса кўп вақт ва тартибни талаб қилмайди. У қабул қилиниши билан дарҳол ижро этилади, бунинг учун яна алоҳида босқичлардан ўтиш шарт эмас. Масалан, А. исмли шахс жазодан озод этилсин, деган Президент Фармони чиқса, у ўша заҳоти ижро этилади ҳамда А. исмли шахс озодликка чиқарилади.
Афвни қўллаш учун одатда жиноят содир этган шахсларнинг илтимосномаси асос бўлади. Амнистия актини қўллашда эса бундай илтимоснома талаб этилмайди. Терговчи, прокурор, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ва судлар амнистия актига тушадиган барча шахслар рўйхатини шакллантириб, уларга амнистия қўллаш масаласини ҳал этиши лозим. Шахслар ўзини афв этилишини сўраб илтимоснома беради, амнистия акти эса шахсларнинг хоҳиш-истагига қарамасдан ҳаммага умумий қўлланади.
Афв Президент томонидан исталган вақтда жазо муддатини ўтаётган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларни жазодан озод этиш ёки бошқача енгиллик бериш орқали кечиришдир.
Афв актида давлат, жамият, халқ ва жабрланувчилар манфаати устунлик қилади. Афв аниқ маҳкум ёки бир гуруҳ маҳкумларга нисбатан қўлланилиши, бунда ҳар бир маҳкумнинг содир этган жинояти оқибатлари, жазони ижро этиш муассасаси хулосаси, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарларнинг қопланганлиги, Президентдан, айрим ҳолларда халқдан кечирим сўраганлиги, келгусида бу йўлга бошқа кирмаслик ҳақидаги ваъдалари каби жиҳатлар ҳам эътиборга олинади.
Ёппасига амнистия бериш бошқа халқларда ҳам қўлланиладиган амалиёт. Аммо бу амалиёт жабрланувчилар ва жамият манфаатларига ҳар доим ҳам мос келмаслиги мумкин.
Янги Ўзбекистон сиёсатига янги амалиёт сифатида кириб келган афв институти демократик тузум қарор топган, инсонпарварлик ва адолат тамойилларига амал қилинадиган юртда тарбиянинг янги ва самарали усулидир. Айбига иқрорлик ва кечирим сўраш – хатони тўғрилашнинг аввалидир.
Афв, бу – айбдорни кечириш, қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлганнинг узрини қабул қилишдир. Бу институтнинг афзаллиги, икки томон манфаатлари учун адолатли ёндашув бўлиб, жабр етказувчи ва жабр кўрувчилар манфаатини бир хилда ҳимоя қилади. Энг муҳими, бу акт унинг номидаёқ баён қилинганидек, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларга нисбатангина қўлланилади.
Жиноий йўлларга кириб қолган, эндиликда ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқариб олган фуқароларни афв қилиш орқали оиласи ва жамият олдидаги маънавий қарзини узиш учун имконият берилмоқда. Зеро, жазодан ҳам, афвдан ҳам мақсад тарбия.
Фаррух Саматов,
Жиноят ишлари бўйича Нуробод тумани суди раиси