Ҳаммаси ўқувчилар учун
Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида ҳам ўқув қуроллари, дарсликлар ва ўқувчи либослари билан савдо қиладиган ярмаркалар иш бошлади. Уларда 26 турдаги ўқув қуроллари савдоси йўлга қўйилди.
“Нукус деҳқон бозори” очиқ акциядорлик жамияти ҳудудида ташкил этилган мактаб ярмаркаси ўқувчилар, ота-оналар билан гавжум. Бу ерда ўтган ўқув йили олдидан 20 замонавий дўкон қурилиб, фойдаланишга топширилган эди.
– Бу йил уларнинг сони яна 10 тага кўпайди, – дейди “Нукус деҳқон бозори” ОАЖ раиси Мақсет Ешимбетов. – Президентимизнинг 2009 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Республика истеъмол бозорини айрим мактаб буюмлари билан тўлдиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича тадбиркорларимизга етарли шароит яратиб бердик. Ярмаркада назорат қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда белгиланган қатъий талабларга тўлиқ жавоб берадиган маҳсулотларнинг сотилиши таъминланмоқда. Шунингдек, ҳар бир дўконда пластик карточкалар билан савдо қилиш йўлга қўйилган.