Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ёшларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Андижон вилояти аҳолисининг қарийб 58 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бутун мамлакатда бўлгани каби вилоятда ҳам давлат, жамоат ташкилотлари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни интеллектул салоҳиятини юксалтириш, иқтидор ва имкониятларини юзага чиқариш учун зарур шароит яратиб берилмоқда.


Ёшлар ишлари агентлиги, мутасадди идоралар ҳамкорлигида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш борасидаги ишлар ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин мисолдир.
– Бошқармамиз ва Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад ёш авлоднинг мамлакатни янада демократлаштириш ва янгилаш, фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнларидаги фаол иштирокини таъминлаш, ёшларда электрон давлат хизматларидан фойдаланишга доир билим ва амалий кўникмаларини шакллантиришдан иборат, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Ойбек Юлдашев. – Бу албатта, ёшларимизга қатор қулайликлар яратади, кенг имкониятлар эшигини очиб беради.
Ҳамкорлик доирасида белгиланган йўналишда қатор тадбирлар, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилиши кўзда тутилган.