Аввал хабар берилганидек, "Амирсой" тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўлида меъёридан кўп ёғингарчилик ёғиши натижасида содир бўлган тупроқ кўчиши бартараф этилди.
Мутахассисларнинг маълумот беришича, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Тянь-Шань” тоғ-тизмасининг “Амирсой” тоғ-чанғи курортига олиб борувчи йўлнинг 34-пикетида кучли ёмғир ёғиши оқибатида ернинг лой ҳолатига келиши ва кўчиш ҳодисаси содир бўлган.

Ҳодиса содир бўлган ҳудудда аҳоли яшаш пункти, дам олиш ва бошқа объектлар жойлашмаган ва кўчки оқибатида ҳеч кимга моддий зарар етмаган.
Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизматининг 2022 йил 11 март кунидаги “Шошилинч” ахборотида 11-15 март кунлари кутилаётган кучли ёмғир ёғиши сабабли сел келиш хавфи тўғрисида ва эҳтиёт чораларини кўриш ҳақида огоҳлантириш берилган эди.

Ҳодиса оқибатлари туман ҳокимлиги, ФВБ, ЙҲХБ ҳамда туман “Йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси ходимлари томонидан махсус техникаларидан фойдаланган ҳолда бартараф этилди.
Айни пайтда мазкур ҳудудда транспорт воситаларининг ҳаракати тикланди.
А.Мусаев,ЎзА