9 апрель – Амир Темур таваллуд топган кун
Муаррихларнинг ёзишича, Амир Темурнинг пири Саййид Барака 1370 йил Термиз шаҳридан 18-21 километр наридаги қадимги Биё қишлоғида Соҳибқиронга катта ноғора (табл) ва байроқ тутқазади. Байроқ билан ноғора мусулмонлар учун тож-тахт рамзи саналиб, уни олиш саркарданинг тез орада салтанат эгаси бўлишига ишора берган. Манбаларда ўша йили Амир Темур рақиби Амир Ҳусайнга қарши Балх устига юриш бошлагани қайд этилган.
Ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, қудратли, марказлашган давлат асосчиси Амир Темурнинг Сурхондарё вилоятидаги юришлари билан боғлиқ қизиқарли манбалар сақланиб қолган. Афсуски, ўтган тузумда Соҳибқирон ҳаёти нотўғри талқин этилиб, бизнинг ёшлигимизда бу маълумотлар очиқланмагани учун мактабда ҳам, олий таълим муассасасида ҳам улуғ бобомизни бошқачароқ таърифлашган. Шундай қилиб, ўқувчилик ва талабалик йилларимизда улуғ бобомизнинг асл ҳаёти ва жаҳонда амалга оширган эзгу ишларидан бехабар ўсиб, улғайганмиз. Энди ёш авлодга Амир Темурнинг жасорат, саховат, ватанпарварлик ва кечиримлилик каби фазилатларга бой ҳаётини ўрганиб, дунёга кенг тараннум этиш имконияти яратилди. Буюк Соҳибқирон билан фахрланиб яшаш бахтига муяссар бўлди.
Бугун фарзандларимиз Амир Темур ҳаётида муҳим ўрин тутган пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлган Мир Саййид Бараканинг Термизга келиб, Соҳибқирон билан учрашгани, у зотга давлат рамзи бўлган ноғора ва байроқни тортиқ этгани, қатор ҳарбий юришларида йўлдош бўлиб, қўшиннинг руҳини кўтариб тургани ва бошқа манбаларни қизиқиб ўрганмоқда. Нафақат Марказий Осиё халқлари тарихи, балки жаҳон тарихида ҳам Амир Темур ва темурийларнинг алоҳида ўрни бўлганини ўқиб, ифтихор ҳиссини туймоқда.
Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Саййид Баракадан олий ҳокимият рамзи бўлган катта ноғора ва яловни қабул қилиб олган Соҳибқирон ўша йил баҳорида Балхни тор-мор этади. Балх таслим бўлгач, Амир Темур Мовароуннаҳрнинг чингизийлардан бўлган ҳукмдори Қозонхоннинг қизи Сароймулк хонимни ўз никоҳига олади. Хон қизига уйлангани муносабати билан “кўрагон”, яъни “хоннинг куёви” унвонига сазовор бўлади.
Қадимги Жайхун қулай кечув ўрнида жойлашган. Термиз шаҳри эса Соҳибқироннинг эътиборида бўлиб келган. Амир Темур қатор жангларида, шунингдек, Ҳиндистонга қилган юришларида ва жанубий-шарққа қилган сафарлари чоғида Термиз шаҳридан ўтган. Улуғ бобомиз “Темур тузуклари” асарида Термизга келганини таърифлаб, “Йўл юриб, Амударё бўйидаги Ачиғи деган ўнқир – чўнқир ерга келиб тушдик. Шу ерга келганимда, Бухоро теварагида қолдирилган ҳарам аҳли, Муборакшоҳ, Саййид Ҳасан ва бошқа жамоа ҳам етишиб келдилар”, дея хотирлайди.
Илёсхўжа бошлиқ жете қўшинлари билан ҳал қилувчи жанглар ҳам ҳозирги Сурхондарё ҳудудида кечгани айтилган. Соҳибқирон “Темур тузуклари”да ёзадики, “Шу ерда туриб, Тамуқа бақодирга уч отлик қўшдим ва Термиз дарёсидан кечиб ўтиб, жете лашкари ҳақида, унинг аҳволи ва режалари тўғрисида хабар топиб келтиришини буюрдим.
Тамуқа тўрт кундан кейин келиб, шуни хабар қилдики, жете лашкари Термиз вилоятига келмишлар, халқни талаб, уруш, талаш билан машғул эмишлар…. Жете лашкари устига тўсатдан бостириб боришни ўйладим… Жайхун дарёси бўйида жойлашган Элчибуғо майдонига келиб тушдим.”
Шу орада жете қўшинидан бўлмиш амир Сулаймон барлос, амир Мусо барлос, амир Жоку барлос, амир Жалолиддин, амир Ҳиндука барлосларнинг жете амирларидан юз ўгириб, ўз аскарлари билан эски Термизга келиб тушганлари ҳақида хабар келтирадилар.
Шиддатли жангларда жете қўшинлари тор-мор бўлади. Жайхун (ҳозирги Амударё) бўйидаги бу ғалаба Темурнинг ўз кучига ишончини ошириб, аскарларини янада руҳлантиради. Соҳибқирон Термиз яқинидаги қадимий Қаҳалқа қалъасини олишга қарор қилади.
Термиз шаҳрида X-XVII асрларга мансуб “Султон саодат” мақбаралар мажмуаси бор. Муборак бу қадамжода пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотима онамиз ва Ҳазрат Алининг бешинчи авлоди бўлган Саййид Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Кейинчалик атрофига унинг авлодлари ва бошқа саййидлар дафн этилган.
Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган. Шу аснода бу ерда обрўли саййидлар сулоласи шаклланган. Ўрта асрлардаги давлатлар, хусусан, Амир Темур ва темурийлар пайғамбаримиз авлодларига ҳурмат кўрсатишни шараф, деб билиб, бу ерда хонақоҳ ва мақбаралар қурдирган. Шу жиҳатлари билан мажмуа улкан тарихий, маънавий, маданий аҳамиятга эга жой саналади.
Манбаларда Амир Темур авлодлари Термиз ва термизликларга катта эътибор бергани, Термизни обод қилишгани, Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг ҳам алоҳида ўрни бўлгани қайд этилган. Жумладан, Соҳибқироннинг невараси Халил Султон Ал-Ҳаким ат Термизий қабри устига сағана ўрнаттирган. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” асарида келтирилишича, Амир Темур вафотидан сўнг XV асрда Термизни эгаллаган набираси Халил Султон зиёрат учун келиб, “Султон саодат”ни қайта таъмирлатган ва ҳудудини кенгайтирган.
Соҳибқирон Ҳиндистон ва жанубий-шарққа қилган сафарлари чоғида боришда ҳам, қайтишда ҳам Жайхун бўйида ҳордиқ чиқариб, термизлик саййидлар қабрларини зиёрат қилган. Термизийлар хонадонида меҳмон бўлиб, уларнинг дуосини олган. Термиз саййидларига алоҳида ҳурмат рамзи сифатида “Султон Саодат” мажмуасининг бир қисми ҳисобланган хонақоҳ ҳам қурдирган. Афсуски, ноёб бу иншоот бизнинг давримизгача сақланиб қолмаган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири