Пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбони. Муаззам, файзли, улуғвор, йил ўн икки ой озода, саришта маскан.
Бу ердан чет элликлар, талаба-ёшларнинг қадами аримайди. Истиқлол йиллари Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг пок номларини тиклаш, унинг шахсияти, ҳаёти, фаолияти, Темурийлар салтанатининг жаҳон цивилизацияси, илм-фанга қўшган мислсиз ҳиссасини ўрганиш, тарғиб этиш, бу йўналишда кенгроқ илмий тадқиқотлар олиб бориш борасида кенг имкониятлар очилди. Шўролар даврида мактабларда тарих дарсида болалар онгига сингдиришга астойдил уринилган ғоялар барҳам топди. Ўшанда улуғ Темур бобомизни бизга таърифлаганларидек, у жоҳил ҳам, босқинчи ҳам эмаслиги тарихий манбаларда, тадқиқотларда, фидойи олимларимизнинг изланишларида яна бир карра ўз ифодасини топди. Азиз авлиё боболар, пиру комиллар мангу қўним топган маконларни обод этиб, ўзига ўлмас ёдгорлик қолдирган инсон қандай қилиб босқинчи бўлсин!
Ҳа, Соҳибқирон салоҳиятидан дунё лол қолган. Унинг бунёдкорлигига жаҳон тан берган. Унинг донишмандлиги, тадбиркорлиги, узоқни кўра билишига, мардлиги, жасорати, саховати, шону шавкатига инсоният лол қолган. Амир Темур хиёбонига туташ ҳудудда мустақиллик йилларида қад ростлаган Темурийлар тарихи давлат музейида буюк бобомиз ва унинг қудратли давлатчилиги ўтмишига оид қимматли маълумотлар фикримизнинг ёрқин далилидир. Бу ерда мактаб ўқувчиларининг гавжум бўлиб юриши, хорижий меҳмонларнинг эса ҳайратланиб саёҳат қилиши ҳатто бефарқ одамга ҳам чексиз завқ бағишлайди.
Мустақиллик йилларида буюк жаҳонгир бобомиз амал қилган эзгу ғоялар яна ҳаётимизда ўзининг ёрқин ифодасини топди. Кейинги йилларда миллий ўзликни англаш, ибратли анъана ва қадриятларимизни қадрлаш, тарихимизни кенгроқ ва холис ўрганиш борасидаги ишлар қамрови янада кенгайди. Амир Темур ўзининг ҳаёт шиорига айлантирган адолат, заифларини суяш, эҳтиёжмандларга кўмак қўлини узатиш, юртни янада обод ва фаровон, маъмур этиш борасидаги ишлар авж олди. Темур асос солган, дунёни ҳайратлантирган, башариятга ибрат бўлган Ренессанс даври тобора кўпроқ тилга олинмоқда. Соҳибқироннинг маданият, санъат, илм-фан, ҳунар, маърифат аҳлига кўрсатган рағбат ва муруввати не-не жавоҳир асарларга, юксак ижод намуналарига, беқиёс шаҳарсозлик, меъморчилик обидаларига туртки берган.
Бугун мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асносида одамларни янада маърифатли қилиш, авлиё боболаримиз, маърифатпарвар аждодларимизнинг меросини теранроқ, чуқурроқ ўрганиш, маданият ва санъат, маънавиятга эътиборнинг янада кучайганига оид эзгу ташаббусларда Темур бобомизнинг насиҳатлари, ҳаётий шиорлари мужассам эмасми!
Пандемия бутун дунёга панд берди. Табиат ҳам қасдлашгандек, ўтган йили апрелда, Темур бобо таваллуд санаси пайти гупиллаб қор ёғиб берганди. Мамлакатимизда оғир синовли кунларда парокандаликка, ваҳимага, тушкунликка йўл қўйилмади. Касалхоналар, карантин ҳудудларида минглаб ҳамюртларимизни муттасил парваришлаш, уларга қарашнинг, даволашнинг ўзи бўлмади. Кексалар, имконияти чекланганлар, серфарзанд, муҳтож оилалар доимий эътиборда бўлди. "Ҳа, давлат бой, қарайди-да", дерсиз. Муҳтож қўшнини ақалли бир ҳафта, бир ой таъминлашга сизу биз қандай ҳисса қўшдик ўзи? Амир Темурнинг азму шижоати, саховати, ишнинг кўзини билишдек ҳаёт тутуми пандемия давридаги эзгу ишларда, саховатли ҳамюртларимизнинг амалларида намоён бўлмадими?!
Тарихчи эмасман. Лекин улуғ Соҳибқирон бобомизнинг буюклигини унинг турли фитналардан, қинғирликлардан, иғволару "ўйин"лардан, қитмирликлардан, ўзининг шарафли номига номуносиб ишлардан жуда, жудаям йироқда бўлганида кўраман.
Ҳа, Амир Темур ғоялари бугун жонажон Ўзбекистонимиздаги эзгу, ҳаётбахш ишларида давом этмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА