Амир Темур ва Темурийлар даврига оид тадқиқотлар давом этмоқда
Соҳибқирон бобомиз Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги бутун мамлакатимиз каби пойтахтимизда ҳам кўтаринки руҳда нишонланаяпти.Тантанали тадбир иштирокчиларининг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат ЗИЁ:
– Мамлакатимизда Амир Темур тарихини ўрганиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда бу борада бир қатор йўналишларга жиддий эътибор қаратиш муҳимдир. Амир Темур ўша даврдаги 150 йиллик истилога чек қўйди. Соҳибқирон бобомиз маълум сабабларга кўра тарқоқ бўлган диёр – Турон замин – Туркистонни бирлаштиришга муваффақ бўлди. Учинчи жиҳати – Темур давлатчилик, унинг бошқарувида илғор тизимни яратди. Иқтисодий тараққиётга катта эътибор қаратди. Таълим, илм-фан, маданиятни юксалтирадиган Уйғониш даврига асос солди. Шу билан бирга диний масалалар, улуғ салтанат яратиш салоҳияти, юртимизни дунёнинг марказига айлантиргани, ўша даврдаги сиёсий, маданий, иқтисодий жиҳатлар, Темур ва Темурийлар ренессанси долзарб мавзулардир. Бу йўналишларда чуқур тадқиқотларни жадаллаштириш зарур, деб ўйлайман.
Сирожиддин САЙЙИД, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири:
– Бугун мамлакатимизда "Жаҳолатга қарши маърифат" тамойилига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маданият, санъат, илм-фан, китобхонлик ривожи йўлида илғор амалий ғоялар ҳаётга жорий этилмоқда. Амир Темур фаолиятида ҳам айни жиҳатлар устувор бўлгани тарихий манбалардан яхши маълум. Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс – навбатдаги маърифий уйғониш палласига тамал тоши қўйилаётган шундай масъулиятли дамларда буюк аждодларимизнинг ўгитлари, йўл-йўриқлари ғоят муҳим эканини давлатимиз раҳбари кўп бора такрорлайди.Шоир, ёзувчилар, илм-ҳунар, маданият ва маърифат аҳли қўллаб-қувватланган юрт бахтлидир.
Абдумажид МАДРАЙИМОВ, Темурийлар тарихи давлат музейи бўлим мудири, тарих фанлари доктори:
–- Эътиборга молик жиҳати, юртимизда кечаётган ўзгаришларда Темур ва Темурийлар даврига оид энг яхши жиҳатлар инобатга олинмоқда.
Музейимизда ҳам Темур ва Темурийлар даврига оид тадқиқотлар фаол давом этмоқда. Соҳибқирон туғилган куни санаси арафасида музейимизда алоҳида библиография яратилди. Бу йўналишдаги ишларни изчил давом эттиришга жиддий аҳамият қаратилмоқда.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова ёзиб олди.