Амир Темур сиймоси халқаро экспертлар нигоҳида
Йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур ҳақида гап кетганда, энг аввало, у кўз олдимизда адолатли ва маьрифатли давлат раҳбари, мукаммал даражадаги ҳарбий салоҳиятга эга қўшинлар саркардаси ҳамда халқимиз тарихининг мангу машьаласи сиймоси сифатида намоён бўлади.
ЎзА Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги олдидан халқаро майдонда ўз ўрнига эга турли соҳа мутахассислари фикрини жамоатчиликка етказишда давом этади.
Фредерик Бопертюи-Брессан,
Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси раҳбари:
– Амир Темур оддий аскарликдан буюк саркарда даражасига кўтарилиб, Ҳиндистондан Европагача, Арабистондан Сибиргача бўлган улкан ҳудудда кучли давлат қурган. Бошқа жаҳонгирлардан фарқли ўлароқ бунёдкорлик, илм-фан, маданият ривожига алоҳида эътибор қаратган.
Олимлар, меъморлар, ҳунармандлар, табиблар, файласуфлар, шоиру машшоқларга ғамхўрлик қилган. Соҳибқирон давридаги тараққиёт Европадаги уйғониш жараёнига ҳам таъсир кўрсатган.
Темурийлар санъатининг ўзига хослиги шундаки, турли маданий анъаналар – турк, форс, Яқин Шарқ, ҳинд ва хитой ижодий услублари ажиб бир тарзда уйғунлашган. Бошқа ҳеч қаерда ушбу анъаналар бунчалик самарали ва бетакрор ҳамоҳангликка эришмаган. Амир Темур маданиятларнинг ўзаро мулоқоти учун инфратузилма яратди ва авлодларга мерос қолдирди.
Аввал Самарқанд, кейин Ҳиротда илм-фан, адабиёт ва санъат беқиёс даражада ривожланди. Темурийларнинг ёрқин меросини атрофлича ўрганиб, мазкур Уйғониш даври анъаналарини давом эттириш Ўзбекистонда учинчи Ренессансга ҳам пойдевор қўйишига ишонаман.
Сергей Пахоменко,
Латвия университети доценти, тарихчи олим:
– Биласизми, кўпчилик тарихий манбааларда Амир Темур номи айниқса, Европа томонларда “Темурланг” деб баён этилган ва адолатли шоҳ сифатида эьтироф этилиб, қилган ишларидан минглаб мисоллар келтирилади. Ҳақиқатдан ҳам Амир Темур империясида қонун ҳар қандай вазиятда устун қўйилган ва инсон манфаатларига хизмат қилган.
Шуни таькидлаб ўтиш лозимки, қадим-қадим замонлардан бери туркий халқларнинг ҳам оила, мол-мулк, мерос, давлат билан фуқаро ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириб турувчи, жиноят ва жазо масалаларига тегишли қонун-қоидалари бўлган. Бу қонунлар йиллар мобайнида халқнинг миллий менталитети, урф-одатлари, ахлоқий қарашлари билан узвийликда ривожланиб, мукаммаллашиб борган.
Улуснинг тақдири, раиятнинг туриш-турмуши кўп жиҳатдан марказий давлат аппаратининг қандай бўлиши, унинг вилоят, шаҳар, туман ва катта-кичик қишлоқлардаги идораларининг иш юритишига боғлиқ бўлган. Шунингдек, ушбу идораларда хизмат қилиб турган мансабдорларнинг насл-насабли, имон-инсофли, ишбилармон бўлишлари ҳам катта аҳамиятга эга ва бунга Амир Темур алоҳида эьтибор берган. Ўз атрофига садоқатли, ақл-фаросатли, сабр-матонатли кишиларни тўплаган ва уларга кўпроқ ишонган.
Шунинг учун ҳам бу сиймо нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам юксак эьтироф этилади. Ҳатто ЮНЕСКО раҳбарлигида кўпгина хорижий мамлакатларда Амир Темур таваллуд кунлари кенг нишонлаб келинади.
Умуман олганда, жасорат ва мардлик, адолат ва олийжаноблик билан дунёнинг ярмини эгаллаган шундай буюк саркардаси борлиги билан ўзбеклар ҳар қанча фахрланса арзийди.
Амир Теймур Акбар Рафеи,
Эроннинг Теҳрон университети қошидаги Илмий тадқиқот институти профессори:
– Темурийлар даврида Турону Эронда илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида катта ютуқларга эришилган. Муҳим хусусияти шундаки, тараққиёт доираси жуда кенгайиб, бутун империя бўйлаб Самарқанддан Бухорогача, Бухородан Ҳироту Балх, Машҳад, Язд... ва Шарқнинг бошқа шаҳарларигача бу маданий таъсир яққол сезилиб турган.
Темурийлар ҳукмронлигида фақат марказий ҳокимият эмас, турли ҳудудлардаги ҳокимлар ҳам ўз ғазнаси ҳисобидан олим ва ижодкорларга ҳомийлик қилишни шараф деб билганки, шундай муҳитда Ренессанс рўй бермаслиги мумкин эмас эди. Айниқса, темурий маликаларнинг мамлакат маънавий равнақига қўшган беқиёс ҳиссасини эътироф этмоқ зарур.
Амир Темур жуда улкан минтақада тинчлик ўрнатгани, бир неча халқлар ҳамжиҳат ва хавфсиз яшай бошлагани боис савдо-сотиқ, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш ривожланди. Натижада фақат бирламчи эҳтиёжлардан ортиб, илм-фан ва маданиятга ҳомийлик қилиш учун яхшигина маблағ тўпланди ва империя ҳудудида беқиёс маънавий юксалиш содир бўлди. Шу каби кенг кўламли саъй-ҳаракатлар орқали эришилган тараққиёт Амир Темур ва ворислари номини жаҳон тарихига ўчмас қилиб муҳрлаган.
Тиерно Аҳмаду Си, журналист (Сенегал):
– Таъкидлаш керакки, Амир Темур нафақат Марказий Осиё, балки бутун жаҳон тарихи ривожига таъсир кўрсатган нодир шахслардан бири. У кучли иродага эга бўлган давлат арбоби ва тенгсиз ҳарбий стратег эди. Соҳибқирон қисқа вақт ичида ҳудудларни бирлаштириб, марказлашган давлат барпо этишга муваффақ бўлди. Бу ўша даврда нафақат сиёсий барқарорликни мустаҳкамлади, балки савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва илм-фан ривожига ҳам кенг йўл очди. Айниқса, Самарқанднинг гуллаб-яшнаши Темур сиёсатининг энг ёрқин ифодасидир, дейиш мумкин.
Амир Темур ўз даврида нафақат ҳарбий юришлар билан, балки давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, адолат тамойилларини жорий этиш орқали ҳам катта эътибор қозонди. Унинг “Темур тузуклари” асарида давлатни бошқариш, қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда тартиб-интизомни мустаҳкамлашга оид муҳим ғоялар илгари сурилган.
Эътиборлиси, Темурийлар даврида маданият ва илм-фан ривожи янги босқичга кўтарилди. Бу жараён кейинчалик Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк алломаларнинг етишиб чиқишига замин яратди. Айниқса, илм-фанга бўлган эътибор натижасида астрономия, меъморчилик, адабиёт ва санъат соҳаларида улкан ютуқларга эришилди. Самарқанд эса нафақат сиёсий марказ, балки бутун Шарқ цивилизациясининг муҳим маданий марказига айланди.
Ўткир Алимов, ЎзА