Амир Темур шахсига берилган юксак баҳо
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси асосида бу йил мамлакатимизда буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланди. Ушбу сана Ватанимиз истиқлолининг 35 йиллиги билан ҳамоҳанг экани диққатга сазовордир.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, тарих фанлари доктори Дилноза Жамоловага жаҳонгир бобокалонимизнинг маънавий ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти хусусида бир неча саволлар билан мурожаат этдик.
– Дилноза Муйиддиновна, бугун дунёдаги жараёнлар ҳар қачонгидан ҳам шиддатли ва кутилмаган тарзда кечмоқда. Қарийб етти аср биздан олисда бўлган улуғ жаҳонгир бобомиз Амир Темурнинг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрнини қандай таърифлаган бўлар эдингиз?
– Буюк саркарда ва давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур қарийб етти юз йил вақт ўтганига қарамай, ўзбек халқи хотирасида жасорат, адолат, илм-фан, ватанпарварлик рамзи сифатида яшаб келмоқда. Тўғри, Россия империяси даврида миллий тарихимиз айниқса, Амир Темур ва темурийлар даври қоралаб ёзилди, сохталаштирилди, унуттиришга ҳаракат қилинди. Дарсликларда, тадқиқотларда Туроннинг буюк ҳукмдори қонхўр, босқинчи сифатида “таърифланди”. Унинг Туронни мўғуллар зулмидан озод қилгани, ҳарбий маҳорати, марказлашган давлат тузгани, дипломатияси, бунёдкорлиги, илм-фанни ривожлантириш йўлидаги ишлари ҳақида лом-мим дейилмади. Иккинчи уйғониш даври бир томонлама ёритилди.
Фақатгина мустақиллигимиз қайта тиклангач, тарихимизни холисона ўрганиш имкониятига эга бўлдик. Миллий тарихимиз, буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти, уларнинг юрт олдидаги хизматлари манбалар асосида ўрганила бошланди. Жумладан, Турон ҳукмдори Амир Темур ва унинг салтанати тарихини ўрганиш ҳамда халқимизга етказиш муҳим вазифа қилиб белгиланди.

Соҳибқирон бобомизнинг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни беқиёсдир. Биринчидан, Амир Темур миллий ғурур ва ватанпарварлик тимсоли, десам муболаға бўлмайди. У юртимизни босқинчилардан озод қилди, марказлашган қудратли давлат тузди. Туроннинг шуҳратини бутун дунёга танитди. Миллатсеварлиги, халқпарварлиги билан ўз даврида ҳам ва кейинги даврларда ҳам ҳаммага ибрат бўлди. Туркия Республикасининг асосчиси ва биринчи президенти Мустафо Камол Отатуркнинг қуйидаги эътирофи фикрларимнинг далилидир: “Мен Амир Темур даврида яшасам, унчалик иш қила олмаган бўлардим. Улуғ Темур мени давримда яшаса, мендан бир неча карра кўп иш қилган бўларди”.
Иккинчидан, Амир Темур илм-фан ва маданиятга ҳомийлик қилди. Турон пойтахти – Самарқанд йирик маърифий ва маданий марказга айланди. Амир Темур асос солган муҳит самараси ўлароқ, темурийлар даврида илм-фан, меъморчилик, адабиёт ва санъат юксак тараққиётга эришди.
Учинчидан, Амир Темур адолат, ростсўз, интизом ва тартибни давлат бошқарувининг асоси деб билди. Бугун ҳам бу ғоялар, мафкуралар ва амаллар маънавий қадрият сифатида ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Соҳибқирон бобомизнинг яна бир энг муҳим жиҳати, у киши халқимизнинг тарихий хотираси ва маънавий бирлигини мустаҳкамловчи кучли шахсдир.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорлар қабул қилинди. Сиз Соҳибқирон Амир Темур ва Ватан мустақиллиги ғоялари ўртасидаги ҳамоҳангликни нималарда кўрасиз?
– Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг 690 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги бир санага тўғри келиб қолиши бежиз эмас, албатта. Амир Темур Туроннинг озодлиги учун курашди, уни 150 йил давомида талаган мўғул босқинчиларини юртимиздан қувиб чиқарди. Марказлашган кучли давлат тузиш ғоясини устувор деб билди ҳамда майда бўлакларга бўлиниб кетган ҳокимликларни бирлаштириб, парокандаликка барҳам берди.
Ўзбекистонимиз эса Россия империясининг қарийб 150 йиллик зулмидан озод бўлди. Кўплаб қон тўкилишлар, қўзғолонлар, миллий истиқлолчилик ҳаракатлари, қатағонлар эвазига мустақиллигини қайта тиклаган ўзбек халқи ва давлати эрк, ҳуррият ҳамда озодликни улуғ неъмат деб билди ва ҳар йили миллий кун сифатида нишонлаб келади. Шу маънода, Амир Темурнинг юртни озод қилиш учун қилган ҳаракатлари мустақиллик ғояларининг тарихий илдизларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Шунингдек, мустақиллик йилларида миллий тарихимиз ва буюк аждодлар меросини тиклашга катта эътибор қаратилди. Амир Темур шахсига берилган юксак баҳо халқимизнинг миллий ғурури, тарихий хотираси ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
– Ҳамиша янгиликка интилган жадид боболаримизнинг улуғ жаҳонгир Амир Темур бобомизга муносабати ҳақида ҳам фикрларингизни билмоқчи эдик.
– Буюк турончилик ғоясини илгари сурган жадид боболаримиз Амир Темур шахси ҳамда унинг давлатчилигимиз тарихида тутган ўрнини жуда юқори баҳолаганлар. Жумладан, Абдурауф Фитрат Туркистон халқига, айниқса ёшларга Амир Темурнинг буюклиги, унинг давлатчилик тарихида тутган ўрнини кўрсатишга ҳаракат қилган. Бухоро Халқ Совет Республикаси маориф нозири бўлган вақтида 1922 йили иқтидорли ёшларни Германияга ўқиш учун юборишдан олдин Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишга олиб борганини тарихий манбалар тасдиқлайди.
Жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси Мусожон Саиджонов “Амир Темур мақбараси” рисоласида Амир Темурнинг ғайрати, шижоати ҳақида фикр билдириб, “... исми билан сифати Темир бўлғон, иродаси кучли бу шахс”, деб эътироф этган.
Бухоро тараққийпарварлик ҳаракатининг етакчиси Садриддин Айний ҳам Амир Темур ва темурийлар даври тарихига ўз баҳосини берган. Амир Темур даврида Самарқанд шаҳрида амалга оширилган ободончилик ишларини қайд қилган ҳолда, соҳибқирон қурдирган меъморий обидалар ва мақбаралар ҳақида маълумот берган. Садриддин Айнийнинг хулосаларидан Амир Темур Самарқанд шаҳрини кенгайтиргани, катта қисмини қайта тиклагани ойдинлашади.
Туркистон жадидларининг етакчиси Мунавварқори Адбурашидхонов Амир Темур ҳақида шеърлар, мақолалар ёзмаган бўлса-да, миллий давлатчиликни тиклашда Амир Темурнинг салтанатчилик сиёсатини асос қилиб олган. Буюк турончилик ғоясини илгари сурган, туркистонликларни бирлашишга чорлаб, мустамлакачиликка қарши курашиш ҳамда Соҳибқирон давридаги каби марказлашган Турон давлатини тиклаш масаласини қўйган. Жадид мактаби, кутубхона ва театр гуруҳларини “Турон” деб номлаган. Фарғона тараққийпарварларини бирлаштирган жамиятга ҳам беҳудага “Темур” номи берилмаган.
Жадидлар учун Амир Темур жасорат, мардлик ва адолат тимсоли бўлган. Шунинг учун ҳам улар Амир Темурнинг шахси, илм-фанга қўшган ҳиссаси, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихида тутган ўрнига муносиб баҳо берганлар. Темурийлар даври ренессанси Амир Темурнинг илмга ҳомийлиги меваси деб, билганлар. Темурийлар даври бунёдкорлигини эътироф этганлар. Энг муҳими, Амир Темур Туронни мўғуллар зулмидан озод қилган буюк саркарда эканини таъкидлаб, туркистонликлар чекига она-юртни Россия империяси зулмидан озод қилиш тушганини уқтирганлар. Туронни арслонлар ўлкаси деб атаб, арслонлар томирида Амир Темур қони оқаётгани, ўзини соҳибқирон вориси деб билганларни юрт озодлиги учун курашга даъват қилганлар.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.