
Ватанимиз тарихидаги 26 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1399 йил (бундан 626 йил олдин) – Ҳиндистон юришидан ортга қайтаётган Амир Темур касалликдан тузалди. Бундан бир неча кун олдин у Арабон қишлоғига келганида бу ерда бетоб бўлиб қолган эди. Соҳибқироннинг қисқа муддатли бетоблигини тарихчи олим Шарафуддин Али Яздий шундай ёзади: “Ва ул кун ҳазратнинг элик-аёғиға ташвиши вақиъ бўлди, андоқким, отга мина олмади, муҳаффа (тахтиравон)ға кирди. Ва ул ердаким, ҳазратга бу алам пайдо бўлди, ул ерни Нохушак дедилар. Ўшул кун кечга яқин шаҳзода Шоҳрухнунг навкари Ҳиротдин келиб соғлиқ ва саломатлиқ хабарини келтурди. Ул ҳазрат алами жиҳатидин отлана олмай, ул кун анда турди. Ва яна тонгласи муҳаффада кириб юриди”.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, Амир Темур саройида тахтиравонга масъул бўлган алоҳида лавозим мавжуд эди. Шахсий номга қўшилиб келган муҳаффачи амали подшоҳ тахтиравони (муҳаффаси) билан боғлик вазифани бажарган. Агар Амир Темурнинг саройдан кўра юришларда кўпроқ бўлганлигини инобатга олсак, унинг учун тахтиравонда юриш муҳим иш бўлганлигини англаш мумкин.
1404 йил (бундан 621 йил олдин) – Озарбанжондаги Аракс билан Кура дарёлари орасида жойлашган Қорабоғдаги қишлов тугаганидан сўнг Амир Темур 1399–1404 йилларда давом этган “етти йиллик юриш”дан қайтишга азм қилди ва ўз салтанатининг пойтахти Самарқанд тарафга йўл олди. Ўша йилларда Темурнинг қишлайдиган ери ўзининг майин иқлими ва ов учун бой ҳайвонот дунёси билан унга жуда ёққан Қорабоғ эди. Бу ерда у ўғруқ (лашкар орқасидан оила аъзолари, бозор, озиқ-овқат, ем-хашак, қўлга киритилган мол, бойликларни ўз ичига олган гуруҳ) билан 1399–1400, 1401–1402, 1403–1404 йиллар қишларини ўтказди.
Самарқанддаги Темур саройига келган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз кундаликларида Қорабоғ ҳақида қуйидагиларни қайд этган эди: “Қорабоғ – ўт-ўлан билан қопланган теп-текис далалардан иборат бўлиб, ҳеч қачон қор ёғмайдиган, ёққанда ҳам тез эриб кетадиган юмшоқ ҳаволи ўлка. Шу сабабли подшоҳ (Амир Темур) ҳар йили қишни шу ерда ўтказади”.
1558 йил (бундан 467 йил олдин) – инглиз савдогари Энтони Женкинсон Хоразм ҳукмдори томонидан қабул қилинди, шунда у ҳукмдорга рус подшосининг мактуби ҳамда совғаларини топширди. “26 мартда ҳукмдор билан шахсан танишиш имкони туғилди, – деб ёзади Женкинсон. – Биз унга рус подшосининг мактубини ва совғаларимизни топширдик, подшоҳ совғаларни мамнуният билан қабул қилди ва шу муносабат билан зиёфат уюштирди. Бир неча кун ўтгандан сўнг у мени ҳузурига чақиртирди ва биз турли-туман нарсалар, яъни Буюк Турклар, мамлакатимиз, давлат бошқаруви, қонунлар, дин ҳақида бир неча соат суҳбатлашдик...”
1912 йил (бундан 113 йил олдин) – “Бухоройи Шариф” газетасининг шу куни чиққан 13-сонида “Соғлиқни сақлаш” номли мақола эълон қилинди. Мақолада Бухоро аҳолисининг тиббий ҳолати ва замонавий тиббиёт, касалликларнинг тарқалиш манбалари, касаллик тарқатувчи микроб ва бактериялар, сув ва ҳаводан ўтадиган касалликлар, ифлосланган сувларнинг шаҳар кўчаларида тўпланиб қолиши, ичишга мўлжалланган сувларнинг кўза ва хумларда узоқ сақланиши ва бактериялар пайдо қилиши, уларни фақат заррабин (микроскоп) орқали кўриш мумкинлиги тўғрисида маълумотлар берилган. Шунингдек, мақолада шаҳар аҳолисини мунтазам равишда тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун “Лўлаи оҳанин” (водопровод) орқали сув келтириш зарурлиги ҳақида ҳам сўз юритилган.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистон ўлкасидаги ёқилғи саноати давлат мулки деб эълон қилинди ва “Қизил-Қия”, “Сулюкта”, “Кўк-Ёнгоқ” кўмир ишлаб чиқариш акционерлик компаниялари, “Чимён”, “Санто” нефть ишлаб чиқариш саноати, “Соль-Рохо” озокерит саноати, умумий ҳисобда 13 та тоғ-кон саноати ишлаб чиқариш корхоналари советлар қўлига тортиб олинди. Бу корхоналар ишлаб чиқариш воситалари, маҳсулот захиралари билан бирга тортиб олинди.
1926 йил (бундан 99 йил олдин) – республика мактабларида жисмоний тарбия дарслари ўқитилиши мажбурийлиги тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди. Унга кўра 1926–1927 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир мактабдаги гуруҳларда ҳафтасига 2 соатдан жисмоний тайёргарлик дарслари ташкил қилиниши, бу жараёнга жойлардаги жисмоний маданият кенгашлари масъул бўлиб, улар томонидан таълим муассасаларига дарсларни олиб борадиган соҳа мутахассислари ва раҳбарлар берилиши белгиланди.
1952 йил (бундан 73 йил олдин) – Тил ва адабиёт институти ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг ташаббуси билан “Алпомиш” эпосининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Бир неча кун олдин “Правда Востока” газетасида “Алпомиш”ни кескин қоралаб чиққан ғайриилмий мақола муаллифларидан бири Абдулла Абдунабиев муҳокамада бу буюк халқ эпосини тадқиқ ва нашр қилган муҳтарам олимлар ва шоирлар шаънига шундай ҳақорат ва туҳмат сўзларини айтдики, унинг қарсаклар билан кутиб олинган бу нутқидан, замондошларнинг гувоҳлик беришларича, 1938 йилдаги суд жараёнларининг ҳиди келиб турган. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг бу ноёб дурдонаси муҳокамада “халққа қарши эпос” сифатида якдиллик билан қораланиб, унинг ноширлари ва тадқиқотчилари “халққа қарши эпос”ни тарғиб ва ташвиқ қилганликда айбландилар.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – “Орол денгизи ва Оролбўйи экологиясини яхшилаш ва Орол ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш” борасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида Шартнома тузилди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколат муддатини 1997 йилдан 2000 йилгача узайтириш масаласи бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Бухорода маърифатпарвар ёзувчи Абдурауф Фитрат ҳайкалининг очилиш маросими бўлди. Бухоро Абдурауф Фитратнинг туғилган шаҳри бўлиб, унинг ҳаёти ва ижоди айнан шу қадимий маданият ўчоғида шаклланган. Шунинг учун ҳам унинг ҳайкали айнан Бухорода ўрнатилиши рамзий аҳамиятга эга.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташкил этилди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Япониянинг энг нуфузли университетларидан бири – Сока университетида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳайкал Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан икки давлат ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида япон университетига совға қилинган. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Мирсобит Очилов Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг табрик мактубини ўқиб эшиттирди. Мактубда Навоий ҳайкали тарихан Буюк ипак йўли билан боғланган икки халқ ўртасидаги маданий мулоқотни тиклашнинг рамзи эканлиги таъкидланган.
Сока университети ҳудудини дунёнинг турли мамлакатларидан бўлган илм-фан ва маданият арбобларининг ҳайкаллари безаб туради. Алишер Навоий ҳайкали ўзбек халқининг Шарқ ва жаҳон маданий меросига қўшган ҳиссасини ифодаловчи рамзга айланди. Ҳайкал ўрнатилган вақтдан бошлаб Сока университетида ҳар йили 9 февраль куни, Навоийнинг туғилган кунида, ҳайкалга гул қўйиш маросими ўтказилади.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ва Корё университети билан ҳамкорликда халқаро факультетни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммолар бевосита жойларнинг ўзида ҳал этилади.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ташкил этилди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА