Aмир Темур – куч, ақл ва адолат тимсоли
Тарих саҳифаларида шундай буюк сиймолар борки, уларнинг номи асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмайди. Aна шундай улуғ зотлардан бири – буюк саркарда Aмир Темурдир. У нафақат енгилмас қўмондон, балки кучли давлат арбоби, доно сиёсатчи ва илм-фан ҳомийси сифатида ҳам тарихда ўчмас из қолдирган.
Aмир Темур ҳаёти жасорат ва матонатга бой. У ёшлигидан бошлаб оғир синовларни бошдан кечирган бўлса-да, ўз олдига қўйган мақсадидан ҳеч қачон қайтмаган. Унинг қатъияти ва иродаси туфайли катта салтанат барпо этилди. Бу салтанат нафақат ҳарбий қудрати, балки ички тартиб-интизоми ва адолатли бошқаруви билан ҳам ажралиб турарди.
Буюк саркарда ўз фаолиятида фақат кучга эмас, балки ақл ва стратегияга таянарди. Унинг ҳар бир юриши пухта режа асосида амалга оширилган. Aйнан шу жиҳат уни бошқа ҳукмдорлардан ажратиб туради. У жанг майдонида ҳам, сиёсатда ҳам доно қарорлар қабул қила олган етук шахс эди.
Aмир Темур илм-фан ва маданиятга катта эътибор берган. Унинг даврида шаҳарлар обод этилиб, масжидлар, мадрасалар, саройлар бунёд этилган. Aйниқса, Самарқанд унинг даврида дунёнинг энг гўзал ва ривожланган шаҳарларидан бирига айланган. Бу эса унинг фақат жангчи эмас, балки бунёдкор инсон бўлганини ҳам кўрсатади.
Бу фикр давлат бошқарувида адолатнинг қанчалик муҳим эканини ифодалайди. Aмир Темур ўз салтанатида қонун устуворлигини таъминлашга интилган ва бу орқали барқарорликка эришган.
Амир Темур XIV асрда, ғоят мураккаб бир даврда юртимиз ҳудудида миллий давлатчиликни қайта тиклаб, Ватан озодлиги йўлида улкан жасорат кўрсатган буюк тарихий шахсдир. У асос солган қудратли салтанат жаҳон цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган. Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолияти салкам етти асрдан буён дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда. Турли мамлакатларда Амир Темур ва темурийларга бағишлаб минглаб бадиий, илмий ва санъат асарлари яратилгани, бу ишлар бугун ҳам давом этаётгани унинг тарихий сиймoси ва мероси нечоғли беқиёс эканидан далолат беради.
Бугунги кунда – Янги Ўзбекистон шароитида Амир Темур ва темурийлар тарихи ва меросини чуқур ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Бу шонли сулола томонидан яратилган темурийлар Ренессанси мамлакатимизда янги Уйғониш даври пойдеворини яратишда халқимиз учун ишонч, илҳом ва куч-ғайрат манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Амир Темурнинг “Куч – адолатда”, “Адолат билан жаҳон гулшани обод бўлади” деган доно ўгитлари бугун юртимизда ижтимоий давлат барпо этиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда ўзига хос дастур ва амалий қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, Соҳибқирон мероси нафақат халқимизнинг шонли ўтмиши, балки бугунги тараққиётимиз ва келажак мақсадларимиз билан ҳам узвий боғлиқдир.
Бугун мамлакатимизда Соҳибқирон ўгитларига амал қилиб, адолатли давлат қуриш, муҳтожларга ёрдам бериш, ёшлар, хотин-қизлар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, илм-маърифат ва бунёдкорликни ривожлантириш, дунёга очиқ бўлиб, турли мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳатлар ҳам Амир Темур меросининг бугунги ҳаётимиздаги долзарб аҳамиятини яққол намоён этади.
Хулоса қилиб айтганда, Aмир Темур – тарихда ўз номини олтин ҳарфлар билан ёздирган буюк шахс. Унинг ҳаёти бизга матонат, қатъият ва адолат билан яшашни ўргатади. У нафақат ўз даврининг, балки бутун инсоният тарихининг ёрқин сиймоларидан бири бўлиб қолади.
Исроилова Маҳлиё,
ЎзА