Амир Темур давлатчилиги: адолат, тадбир ва кенгаш тамойиллари
Бугунги кунда мамлакатимизда буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг бой тарихий меросини ўрганиш, унинг давлатчилик анъаналарини чуқур таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги тегишли қарори алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур қарорга мувофиқ, жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шунингдек, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши белгиланган.
Бу эса, ўз навбатида, Амир Темурнинг давлат бошқаруви, адолат, қонун устуворлиги ва халқпарварликка асосланган ғоялари бугунги кунда ҳам долзарб аҳамиятга эга эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Амир Темур шахси ва унинг давлат бошқарув тизими ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, бир ҳақиқатни тан олишимиз керак: у нафақат буюк саркарда, балки юксак даражадаги давлат арбоби, нозик сиёсатчи ва пухта қонуншунос эди.
Амир Темур ўз ҳукмронлигини фақат куч билан эмас, балки сиёсий легитимлик орқали ҳам мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Унинг Чингизийлар авлодидан бўлган Сарой Мулкхонимга уйланиши бежиз эмас эди. Бу никоҳ унга “кўрагон” — яъни хон авлодига куёв мақомини бериб, унинг ҳокимиятига расмий тус бағишлади. Шу билан бирга, Темур ўз ҳукмронлигини афсона ва ривоятлар билан эмас, балки амалий бошқарув ва адолат билан мустаҳкамлади.
Дарҳақиқат, унинг давлатида қарор қабул қилиш жараёни ўта пухта ташкил этилган эди. Даргоҳда ўтказилган хос мажлисларда давлатнинг энг муҳим масалалари — бошқарув, тайинловлар, хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган. Бу жараёнлар махфийлик ва интизом асосида олиб борилган, ҳатто махсус котиблар қарорларни қайд этиб борган.
Амир Темур давлат бошқарувида энг муҳим тамойил сифатида кенгаш ва машваратни эътироф этган. Унинг машҳур сўзлари буни яққол исботлайди:
“Салтанат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилади”.
Бу фикр ортида жуда чуқур маъно ётади. Яъни, куч — бу охирги чора. Асосий эътибор эса ақл, тадбир ва тўғри қарор қабул қилишга қаратилган.
Амир Темур давлат аппаратини мукаммал тизимга солди. Олий девон — марказий бошқарув органи сифатида фаолият юритиб, вазирликлар ишини мувофиқлаштириб борган. Ҳар куни вазирлар ҳисобот бериб тургани эса давлат бошқарувида очиқлик ва назорат мавжуд бўлганидан далолат беради.
Диққатга сазовор жиҳатлардан яна бири — аҳоли билан мулоқот тизими. Даргоҳдаги арзбеги орқали ҳар бир фуқаро ўз шикоятини бевосита етказиш имконига эга бўлган. Шу билан бирга, махсус вакиллар — аминлар жойларга бориб, адолатни тиклаш билан шуғулланган. Бу эса давлатда икки томонлама назорат механизми мавжуд бўлганини кўрсатади.
Ҳарбий тизим ҳам пухта ташкил этилган. Тавочилар нафақат қўшин тўплаш, балки унинг тайёргарлиги, таъминоти ва интизоми учун жавобгар бўлган. Бу эса Темур армиясининг муваффақиятларида ҳал қилувчи омил бўлган.
Амир Темур давлатчилигининг энг юксак жиҳати эса унинг қонунчилик соҳасидаги фаолиятидир. “Темур тузуклари” — бу оддий қоидалар эмас, балки давлат ва жамият ҳаётини тартибга солувчи мукаммал ҳуқуқий тизимдир.Бу тузукларда энг муҳим тамойил — адолат ва инсон манфаати ҳисобланади. Масалан: янги ерни обод қилган шахсдан биринчи йил солиқ олинмаслиги, солиқлар ер унумдорлигига қараб белгиланиши, давлат аввал шароит яратиб, кейин талаб қўйиши каби адолатли тизим амал қилган. Бу нормалар замонавий ижтимоий давлат ғояларига ҳамоҳанг эканини кўриш қийин эмас.
Амир Темур жамиятни 12 тоифага ажратиб, барча қатлам манфаатини ҳисобга олган. Бу эса унинг давлатчилик ғоясида ижтимоий мувозанат муҳим ўрин тутганини кўрсатади. Энг муҳими, у шундай деган: “Раиййат хонавайрон бўлса, хазина камбағаллашади, бу эса салтанатнинг кучсизланишига олиб келади”. Бу фикр бугунги кун учун ҳам долзарб. Чунки кучли давлат аввало, фаровон халқ демакдир. Демак, Амир Темур давлатчилиги уч устунга таянган бўлиб, улар адолат, тадбир ва ақл, кучли бошқарув тизими. Унинг мероси нафақат тарих, балки бугунги давлат бошқаруви учун ҳам муҳим назарий ва амалий аҳамиятга эга. Шунингдек, Амир Темур даврида:
фуқаролар ўз арз ва шикоятлари билан бевосита даргоҳга мурожаат қилиш имконига эга бўлган;
арзбеги орқали мурожаатлар қабул қилиниб, олий ҳукмдорга етказилган, аминлар жойларга бориб, муаммоларни ўрганиб, адолатни тиклаган. Бугунги тизимда эса, Халқ қабулхоналари орқали фуқаролар мурожаатлари қабул қилинади; сайёр қабуллар орқали раҳбарлар жойларга чиқиб, аҳоли муаммоларини ўрганади; мурожаатлар ижроси устидан назорат тизими мавжуд.
Яна бир муҳим жиҳати, Амир Темур даврида суд-ҳуқуқ тизими ҳам пухта ва ихтисослашган ҳолда ташкил этилган эди. Суд ишлари бир нечта йўналиш бўйича амалга оширилган:
Қози ул-қуззот — олий қози сифатида диний ва ҳуқуқий масалаларда энг юқори суд ваколатига эга бўлиб, айрим ҳолларда амалдорлар ишини ҳам кўриб чиққан. Сипоҳ қозиси эса, ҳарбийлар ўртасидаги низолар ва интизом масалаларини ҳал этган. Қози раият — оддий фуқаролар ўртасидаги мулкий ва ижтимоий низоларни кўриб чиққан ҳамда барча суд фаолияти асосида шариат қоидалари муҳим ҳуқуқий манба сифатида хизмат қилган.
“Агар тарихга назар ташласак, Амир Темур даврида ҳам халқ дардини эшитиш ва адолатни таъминлашнинг самарали механизмлари мавжуд бўлган. Бугунги кундаги Халқ қабулхоналари ва сайёр қабуллар ана шу адолатпарвар бошқарув анъаналарининг замонавий, институционал давоми сифатида намоён бўлмоқда”. Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур давлатчилиги адолат, кенгаш ва мустаҳкам бошқарув тамойилларига асосланган.
Унинг мероси нафақат тарихий аҳамиятга эга, балки бугунги кунда ҳам давлат бошқарувини такомиллаштиришда муҳим назарий ва амалий манба бўлиб хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур нафақат ўз даврининг буюк саркардаси, балки жаҳон миқёсида тан олинган давлат арбоби сифатида тарихда ўчмас из қолдирган.
Унинг давлат бошқаруви, адолатга асосланган сиёсати ва мукаммал тизими бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бежиз эмаски, унинг шахсига бўлган юксак эҳтиром рамзи сифатида Европа ҳудудларида ҳам ёдгорликлар ўрнатилган.
Ҳозирги кунда дунё олимлари томонидан Амир Темур мероси кенг ўрганилмоқда, унинг фаолиятига оид қимматли манбалар хорижий архив ва кутубхоналарда сақланмоқда. Бу эса унинг нафақат миллий, балки умумжаҳон тарихи учун муҳим шахс эканини кўрсатади. Жумладан, шу кунларда яъни 9-10 апрель кунлари Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, “Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матни форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида нашр этилиши кўзда тутилмоқда.
Темурийлар даврининг илмий ва маданий меросини кенг тарғиб этиш мақсадида “Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси” ҳамда “Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси” номли китоб-альбомлар тайёрланади.
Бундан ташқари, Темурийлар даврига оид манбаларни тизимлаштириш ва оммалаштириш мақсадида махсус электрон платформа яратиш режалаштирилган.
Айниқса, Темурийлар даврининг “Ренессанс” деб эътироф этилиши ҳам бу даврда илм-фан, маданият ва давлатчилик юксак тараққиётга эришганининг ёрқин далилидир.
Шу маънода, Амир Темур меросини ўрганиш фақат тарихга мурожаат эмас, балки замонавий давлатчиликни ривожлантиришда мустаҳкам пойдевор яратиш, келажакни тўғри қуриш демакдир.
Фируза Мухитдинова,
ТДЮУ профессори