Амир Темур даҳоси – адолат тимсоли
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида буюк давлат ва жамоат арбоби, саркарда Амир Темур таваллудининг 686 йиллигига бағишланган “Амир Темур даҳоси – адолат тимсоли” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда темуршунос олимлар, тарихчилар, профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар марказлашган давлат асосчиси, буюк саркарда Амир Темурнинг нафақат ўзбек, балки дунё тарихида тутган ўрни, темурийлар даврида халқ дипломатияси, темурийлар сулоласи тарихига доир қизиқарли маълумотлар ҳақида сўз юритди.
[gallery-6518]
ЎзМУ ректорининг илмий-адабий маслаҳатчиси, профессор Ҳамидулла Болтабоев “Амир Темур сиймоси – адабий манбаларда” номли мавзуда маъруза қилди.
– Буюк Соҳибқирон Амир Темур мамлакатни дунё давлатчилик тизимида янги йўлга бошлаганлиги, тараққий эттирганлиги ва марказлашган давлат тузганлиги барчага маълум. Шундай бўлсада, буюк бобокалонимиз “Темур тузуклари” номи остида ўзининг тузукларини яратган. Бу асар ҳақида, маърифатпарвар олим Абдурауф Фитрат таъкидлаганидек: “Биз агар адабиёт, санъат, темурийлар даври деган гапни айтадиган бўлсак, биринчи навбатда ушбу манбадан бошлашимиз керак”. Ушбу тузукларда Амир Темур давлат бошқарувидаги ўз сиёсати, давлатчилик тизими, жанг услублари ва ўз қонунлари муштаракланган, – деди профессор Ҳамидулла Болтабоев.
Тадбир давомида темуршунос тадқиқотчилар томонидан бу соҳада олиб борилаётган илмий изланишлар, буюк саркарда номини абадийлаштириш, бошқарув тизимини тадқиқ этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА