Инсон тақдири, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун. Бироқ буни ҳамма ҳам бирдек англаб етавермайди. Энг ачинарлиси, ўз манфаати йўлида ўзгалар ҳаётини пароканда қилишдан ҳам тап тортмайдиган кимсалар ҳам бор орамизда. Хусусан, фуқаролар М.Х. ва Ш.Ш. моддий манфаат илинжида узоқ вақтдан буён АҚШга юборишни ваъда қилган ҳолда бир неча шахсдан катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириб келган.
Жумладан, улар фуқаро Ж.Х.нинг ишончига кириб, Европа давлатларидан бирига “шенген” кириш визасини расмийлаштириш ва “Тошкент – Испания – Мексика – АҚШ” йўналиши орқали Америкага юборишни ваъда қилиб, ундан 27 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини талаб қилган. М.Х. ва Ш.Ш. фуқародан дастлаб 10 минг АҚШ доллари, Мексиканинг АҚШ билан чегарасига етиб боргандан сўнг 17 минг АҚШ доллари бериши зарурлигини билдирган.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилган фаол тадбир натижасида М.Х. ҳамда Ш.Ш. фуқаро Ж.Х.дан 10 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Тинтув вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланган 13 нафар фуқаронинг ҳужжатлари (8 та хорижга чиқиш паспорти, 2 та биометрик паспорт, бир дона ID-карта, 2 та туғилганлик хақида гувоҳнома ва бир дона никоҳ гувоҳномаси), шунингдек, яна бир фуқаро Н.Р.ни АҚШга юбориш эвазига 22.500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини олганлиги тўғрисида тилхат топилиб, процессуал тарзда расмийлаштирилди.
Ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу каби ҳолатлар ҳақида эшитиб, ўйланиб қоласан киши. Наҳотки, аҳоли ноқонуний миграция хавф-хатари, айниқса, АҚШга бошқа давлатлар чегараларини бузган ҳолда бориш қонунга зидлигидан огоҳлантирилишига қарамай, яна шундай “хизмат” таклиф этаётган фирибгарларга ишониб қолмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА