Амалиёт, натижа ва сарҳисоб
Бугунги кунда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибида 12 та корхона мавжуд. Улардан 6 таси йирик иссиқлик электр станцияси, 3 таси эса иссиқлик электр маркази ва яна 3 та электр станцияси хизмат кўрсатувчи пудрат ташкилотдир.
Айни чоғда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқарувчи асосий генерация корхонаси ҳисобланиб, жами электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши 85 фоизни ташкил этади.
Жорий йилнинг олти ойидаги таҳлилларга кўра, жамият таркибидаги корхоналар томонидан 27,8 миллиард кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Амалда эса бу кўрсаткич 28,7 миллиард кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқаришни ташкил этди. Режага нисбатан бу 103,1 фоизга кўп. Товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 9,3 триллион сўмдир.
Шартли ёқилғининг солиштирма сарфи 302,57 грамм кВт.соатни ташкил этди. Бу 2021 йилга нисбатан 6,6 грамм кВт.соатга кам бўлиб, натижада йил бошидан буён 768,5 милион метр куб табиий газ иқтисод қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда маълумот берилди.
Унда сўз олган масъуллар амалдаги жорий қувватларни энг замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш ва янги самарадор энергия қувватларни ишга тушириш “Иссиқлик электр станциялари” АЖ олдида турган устувор вазифаси эканига эътибор қаратиб, бунда жамият томонидан ташқи иқтисодий ресурсларни жалб этиш, халқаро молия институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиш ва корхоналар инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаётганини қайд этди.
[gallery-7816]
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедовнинг таъкидлашича, 2016 йилгача янги жорий этилган замонавий ускуналарнинг умумий қуввати соҳада 505 МВт (жами ишлаб чиқариш қувватларининг 5,45 фоиз)ни ташкил этган бўлса, 2016-2021 йилларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари натижасида қўшимча 5804 МВт янги ва модернизация қилинган қувватлар ишга туширилган. Натижада энергия тежамкор, энг замонавий-энергия самарадор ускуналарнинг умумий қуввати 6 309 МВтга етган. Иссиқлик электр станцияларининг умумий қуввати эса 58,8 фоизни ташкил қилмоқда.
– Ўтган беш йил мобайнида Толимаржон, Ангрен, Тошкент, Навоий, Тахиатош станцияларида янги замонавий энергоблоклар қурилган бўлса, Сирдарёда 3 босқичли модернизация жараёни якунига етказилди. Водий аҳолиси фаровонлигини таъминлаш мақсадида Тўрақўрғон станцияси бунёд этилди, Фарғона иссиқлик электр марказида замонавий газ-турбина ускуналари ишга туширилди. Инвестиция жараёнларини давомийлигини таъминлаш, тизимда юқори энергия самарадор қурилмалар улушини 80 фоизга кўтариш мақсадида 2022-2026 йиллар давомида умумий қиймати 1 миллиард 935 миллион долларга тенг бўлган 4 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Уларнинг ҳисобига қўшимча 2 264 МВт янги энергия самарадор қурилмалар ишга тушади ва 720 та янги иш ўрни яратилади ҳамда 2,6 миллиард метр куб табиий газ иқтисодига эришиш кутилмоқда, – деди М. Бекмуҳаммедов.
Тадбирда иштирокчиларга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириши, молиялаштириш ва амалиётга татбиқ этилаётган ишлар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди.
– Айни пайтда инвестиция дастурига асосан “Тошкент ИЭМ” АЖда ҳар бирининг қуввати 32 МВт га тенг бўлган янги 2 та газ-турбина қурилмасини қуриш ишлари бошланган, – деди жамиятнинг техник бошқарма бошлиғи Ойбек Зоҳидов. – “Толимаржон ИЭС” АЖда умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган навбатдаги 2 та буғ-газ қурилмалари, Навоий иссиқлик электр станциясида учинчи ва тўртинчи буғ-газ қурилмаларини қуриш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Энергия самарадорликка эришиш, соҳани янада ривожлантириш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизим корхоналарида энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда иссиқлик электр станцияларда 34 та частота ўзгартиргич қурилмалар, 50 та кичик қувватдаги қуёш фото электр станциялари, 42 та қуёш сув иситгичлари, 246 та қуёш панелли ёритиш чироқлари ва 914 та сенсорли ёритиш датчиклари ўрнатилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ЎзА мухбири