Амалий синов майдонлари ташкил этилади
Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтида қишлоқ хўжалигида илм-фан ва инновация йўналишида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Йиғилишда илмий-тадқиқот натижаларининг хўжаликларга етарлича татбиқ этилмаётгани, айрим ҳолларда ушбу илмий натижаларни жойларда амалиётга жорий этишда узилишлар кузатилаётгани, лаборатория таҳлиллари натижалари асосида аниқ амалий тавсиялар ишлаб чиқиш зарурати, илмий муассасалар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги борасида сўз борди.

Илмни амалиётга татбиқ этиш бу фақатгина тавсия бериш эмас, балки натижага йўналтирилган тизимли фаолият экани, тупроқшунослик соҳасида олиб борилаётган ҳар бир илмий тадқиқот ер унумдорлигини сақлаш ва оширишга, қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига хизмат қилиши зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш сўнгида илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича амалий синов майдонларини ташкил этиш, фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда тажриба майдонларини яратиш каби истиқболли вазифалар белгиланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА