ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгашининг IX конференцияси бўлиб ўтди.
Ҳисобот ва амалий ишлар таҳлилига бағишланган конференцияда 2020–2024 йилларда вилоят Кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар бўйича Кенгаш раиси Эркинжон Нуралиевнинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланишича, олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида 5 минг 125 та корхона, ташкилот ва муассасада касаба уюшмаси хизмати ташкил этилиб, уларда меҳнат қилаётган 181 минг 31 нафар ходим аъзоликка қабул қилинишига эришилган.
Айни пайтда, вилоят касаба уюшмалари ўз сафида қарийб 700 минг нафар аъзони бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида 2 минг 269 нафар ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тикланиб, иш ҳақи ва бошқа тўловлар учун 17 миллиард 794 миллион сўм маблағ ундирилишига эришилди.
Вилоятда сўнгги йилларда Касаба уюшмалари федерацияси томонидан 2 та муҳташам ва замонавий “Сўх” ва “Билимдон” оромгоҳлари қурилди. Ушбу оромгоҳларда ҳар йили мавсумда минг нафардан зиёд болажон мароқли дам олмоқда.
Шунингдек, 35 мингдан зиёд ходим ва уларнинг оила аъзолари санаторийларда соғломлаштирилиб, улардан 12 минг 903 нафари имтиёзли ва 1 минг 56 нафари бепул йўлланма асосида ўз саломатлигини тиклади. Бундан ташқари, 42 мингдан ортиқ боланинг оромгоҳларда дам олиши ташкил этилгани, 97 мингдан зиёд ходим ва уларнинг оила аъзоларининг республикамиздаги диққатга сазовор қадамжоларга саёҳатлари ташкиллангани ҳам бу борадаги ишлар кўламининг кенглигидан далолат беради.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши қўшни Қирғизистон ва Тожикистон касаба уюшмалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши натижасида сўнгги йилларда қўшни мамлакат ёшларининг ҳам вилоятдаги оромгоҳларда дам олиши таъминланмоқда.
Бундан ташқари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда касаба уюшмалари фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими орқали ўтган давр мобайнида мутасадди бошқармалар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда 400 мингдан ортиқ хотин-қизнинг муаммоларини ижобий ҳал этишда касаба уюшмалари давлатимизга мустаҳкам таянч бўлиб майдонга чиққанини эътироф этиш жоиз.
Конференцияда тафтиш комиссияси фаолияти ҳақида ҳам ахборот берилди. Шундан сўнг, келгуси беш йиллик учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
[gallery-24380]
Анжуманда вилоят кенгаши раиси лавозимига икки номзод кўрсатилди. Муқобиллик ва яширин овоз бериш асосида ўтказилган сайлов натижаларига кўра, амалдаги раис Эркинжон Нуралиев яна беш йиллик муддатга раис этиб сайланди. Шунингдек, Лолахон Аҳмедова ва Аброр Отабоевлар вилоят кенгаши раиси ўринбосарлари лавозимига сайланди.
Якунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултойида иштирок этувчи делегатлар ҳам сайланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА