Алоқачиларнинг меҳнати эътироф этилди
7 май – Алоқачилар куни муносабати билан “Ўзбектелеком” акциядорлик жамиятининг Сирдарё вилояти Боёвут тумани бўлимида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда соҳада фидокорона хизмат кўрсатаётган бир гуруҳ ходимлар муносиб тақдирланди.
Тадбирда туман ҳокимлиги вакили, жамоатчилик ва телекоммуникация соҳаси ходимлари иштирок этди. Қутлов сўзларида алоқачиларнинг замонавий ахборот коммуникация тизимини ривожлантиришдаги ўрни, аҳоли ва ташкилотларга сифатли ва узлуксиз хизмат кўрсатишдаги фаолияти алоҳида қайд этилди.

– Бугунги кунда телекоммуникация инфратузилмаси ҳаётимизнинг барча жабҳаларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун ҳам бу соҳада фаолият юритаётган ҳар бир ходимнинг меҳнати, масъулияти юқори қадрланади, – дейди туман ҳокими ўринбосари Ўткир Сарибоев.

Тадбирда узоқ йиллик меҳнати, касбга садоқати ва фаол ходимларга “Ўзбектелеком” АЖнинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.

Алоқачилар куни нафақат касб байрами, балки соҳага бўлган эътибор ва ҳурмат ифодаси ҳамдир. Бундай тадбирлар эса ходимларнинг меҳнатини эътироф этиш, уларни янги ютуқларга руҳлантиришда муҳим ўрин тутади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири