Ғаллазорга ўт қўйманг, ернинг ҳам уволи бор
Шу кунларда пишиб-етилган дон уюшқоқлик билан йиғиштириб олинмоқда.
Сурхондарё вилоятида жорий йил ҳосили учун 2 минг 200 дан ортиқ фермер хўжалиги 93 минг гектар майдонда ғалланинг ҳудуд иқлимига мос, эртапишар навларини парваришлаб, мўл ҳосил тўплади.
Шу кунларда пишиб-етилган дон уюшқоқлик билан йиғиштириб олинмоқда. Ҳосилдан бўшаган майдонлар пешма-пеш сомон поялари ва унинг қолдиқларидан тозаланиб, такрорий экин учун шудгор қилинаётир.
Ҳосилдан бўшаган ерларнинг бир қисми камбағал оилаларнинг такрорий экин экиб, оилавий бюджетини тиклашига йўналтирилмоқда. Яна бир қисми эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари маҳсулот етиштириб, қўшимча даромад олиши учун тақсимлаб берилаётир. Қолган майдонларга озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хорижга экспорт қилиш учун такрорий ва 90 бости экинлар экилади.
Пандемия дунё иқтисодиётига жиддий таъсир этиб, сайёрамизда озиқ-овқат тақчиллигини юзага келтираётган бу йилги шароитда тўкин турмушимиз, ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ғалла майдонларига гугурт ёқмоқчи бўлаётганлар наҳотки, масаланинг ана шу жиҳатларини бир ўйлаб кўрмаётган бўлса?
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан хабар беришларича, Жарқўрғон туманида ўтказилган тезкор рейд чоғида «Сарбон табаррук дон» фермер хўжалиги даласидан ўриб олинган ғалла майдонларига Олтинтепа маҳалласида яшовчи Н.А ўзбошимчалик билан олов қўйгани аниқланиб, амалдаги қонунга мувофиқ жазо чораси қўлланилган. Унга 669 минг сўм маъмурий жарима ва 446 минг сўм табиатга етказилган зарар ҳисобланиб, ушбу маблағ тегишли тартибда ундириб олинган. Шунингдек, Қизириқ туманидаги “Gold meva agro sabzavot” фермер хўжалигининг ғалла ўримидан бўшаган майдонига Мустақиллик маҳалласида яшовчи Қ.А ўт қўйгани аниқланиб, маъмурий жавобгарликка тортилган.
Мутахассисларнинг фикрича, ғалладан бўшаган ерларнинг сомон қолдиқларини ёқиб юбориш экин майдонининг тупроқ структурасини кескин ўзгартиради, атроф-муҳит мусаффолигига жиддий зарар етказади.
– Бир гектар майдондаги бошоқли дон пояси ёқилганида 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 грамм ис гази ва углерод оксиди каби зарарли газ атмосфера ҳавосига ташланади, –дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходими М.Нурманов. – Олов тафтидан тупроқ эрозияси кучайиб, ҳосилдорликнинг жиддий камайишига олиб келади. Бу муаммога чек қўйиш учун мавсум олдидан жойларда ҳосилдан бўшаган майдонларнинг сомон қолдиқларини тезкорлик билан йиғиштириб олиш ва ёқиб юбормаслик юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Фермер хўжалиги раҳбарлари, маҳаллалар раисларининг ўз ҳудудидаги ғалла майдонларида ўрим-йиғимни сифатли ташкил этиши, мавсумга жалб этилган комбайнчи, трактор ва автомобиль ҳайдовчиларидан ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига тўлиқ амал қилиш ҳамда ғалла майдонларини ёнғиндан сақлаш, ўрилган майдонларнинг сомонини ёқиб юбормаслик юзасидан масъулияти оширилди. Бироқ, айрим шахсларнинг бепарволиги билан бундай аянчли ҳолатга дуч келинаётгани ачинарлидир. Мавсум бошланганидан буён Термиз туманидаги Гулбаҳор, Жарқўрғон туманидаги Олтинтепа маҳаллалари ҳудудидаги ҳосилдан бўшаган майдонларда ҳам сомон поя қолдиқларини ёқиб юборган шахслар қўлга тушди.
Жаҳонда экологик танглик ва озиқ-овқат тақчиллиги кузатилаётган бир пайтда юртимизда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш саломатлигимиз манбаи бўлса, экин майдонлари структурасини асл ҳолида сақлаб қолиш халқимизга арзон, тўйимли дон маҳсулотларини узлуксиз етказиб беришга хизмат қилади.
Инсоният жиддий синовларни бошдан ўтказаётган шу кунларда ғалладан бўшаган майдонлар ёқилаётган ҳудуддаги маҳалла раислари, фермерлар ва қўлида гугурт тутиб, далага чиқаётган бешафқат кимсалар масаланинг ана шу жиҳатлари ҳақида бош қотиргиси келмагани ажабланарлидир.