Ғалладан бўшаган майдонларда аҳоли экин экмоқда
Бухоро вилояти Қоракўл туманида ғалладан бўшаган майдонларга сабзи, мош, тариқ ва маккажўхори экинларини экиш ишлари бошланди.
Бухоро вилояти Қоракўл туманида ғалладан бўшаган майдонларга сабзи, мош, тариқ ва маккажўхори экинларини экиш ишлари бошланди.
Туманда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш учун ер тайёрлаш, талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиш, агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш каби тадбирларга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Жумладан, ҳар бир хонадоннинг оилавий аҳволи ўрганилди. Улар тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилди.
Ўрганиш натижасига кўра, туманда 2 минг 483 та хонадондаги фуқаролар пандемия даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлиги аниқланди. Уларда яшовчи 3 минг 543 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ана шу ишсиз фуқароларнинг 640 таси такрорий экин экиш истагини билдирган. Улар 147 та фермер хўжалигига бириктирилди. Ҳозирда ушбу фермерлар ғалладан бўшаган 320 гектар ер майдонларини тақсимлаш билан бирга, уни ҳайдаш ва белгиланган такрорий экин экиш ишлари учун бевосита амалий ёрдам бермоқда.

Туманда бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик, кўчат ва суғориш воситалари харид қилиш учун 100 нафар ишсиз фуқарога 687 миллион сўм маблағ субсидия сифатида ажратилиши белгиланган.
Aйни кунларда мазкур иссиқхоналарни қуриб бериш орқали камбағал оилалар бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликдан чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.