Ғалла ўриш мавсуми беталафот ўтади...
Андижон вилояти ғаллакорлари томонидан жорий йилда 76 минг 200 гектар майдонга ғалла экилган.
Андижон вилояти ғаллакорлари томонидан жорий йилда 76 минг 200 гектар майдонга ғалла экилган.
Айни кунда ризқ-рўзимиз бўлган ғалла пишиб етилди. Етиштирилган ана шу ғаллани нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш, ғалла ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан, беталафот ўтказиш, айниқса, ғаллани ёнғиндан муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлиги борасидаги ишларни ўз муддатида ва юқори савияда ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари ходимлари томонидан жойларда маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари, деҳқонлар, фермерлар билан ҳамкорликда ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятда ғалла ўримига жалб этиладиган 265 та комбайн, шунингдек, автотранспорт ва бошқа техника воситалари техник кўрикдан тўлиқ ўтказилди.
Бундан ташқари, вилоятдаги «Андижондонмаҳсулот», «Асакадонмаҳсулот» ва «Қўрғонтепадонмаҳсулот» акциядорлик жамияти сингари донни қайта ишлаш, 12 та донни қабул қилиш ва саралаш корхоналарида мавсумга тайёргарлик, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича мониторинг ўтказилди. Мониторинг натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Жамоаларда суҳбатлар, масъул ходимлар, ишчи-хизматчилар орасида тушунтириш ишлари, шунингдек, тактик машғулотлар ўтказилди.
Вилоятда ташкил этилган 265 та ғаллани ўриш отрядларига ёнғин хавфсизлиги хизматининг тажрибали ходимлари бириктирилди. Маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ҳар бир отрядни тўлиқ жиҳозланган ёнғин ўчириш жавони олиб юрувчи техника, ҳайдов тракторлари билан таъминлаш, умуман, белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
– «Ғалла-2020» мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида панно ва шиорлар тайёрланиб, серқатнов йўллар четларига ўрнатилди, – дейди Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғи Одилжон Қўлдошев. – Шунингдек, тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича мурожаатнома, эслатма ва плакатлар тайёрланиб, аҳоли кўп йиғиладиган жойларга, шийпонларга, ғаллани қабул қилиш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш корхоналарига илиб қўйилди.
Вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган график-режа асосида ҳокимликлар, мутасадди ташкилот раҳбарлари 14 та туманда ғалла мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича учрашувлар ташкил этилди.
Ғалла ўримига киришилган шу кунларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам қизғин олиб борилмоқда. Мавсумни беталафот ўтказиш, энг муҳими, халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган ғаллани ўз вақтида, исроф қилмасдан йиғиштириб олиш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.