Алкоголнинг зарари биринчи томчисиданоқ бошланади
Яқинда ҳали қирққа ҳам кирмаган бир танишим тўсатдан вафот этганини эшитиб, очиғи, жуда ҳайрон қолдим. “Нима бўлди экан, нега тўсатдан вафот этди?” — бошимда фақат шу саволлар айланарди. Сўраб-суриштирсам, ароқ ичиш мумкин эмас экан, лекин ичиб қўйиб, мазаси қочган эмиш. Жигари хаста экан, дейишди.
Яна бир бошқа эшитган шум хабарим, яқин орада тўйи бўлиши керак бўлган йигитни йўлда машина уриб кетиб, ҳодиса жойида ҳалок бўлибди. Машинани бошқараётган ҳайдовчи маст ҳолда экан...
Бу каби кўргуликларнинг бош сабабчиси эса ичкилик. Алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш яна бир қанча касалликларга, оғир оқибатларга олиб келишини жуда яхши биламиз. Аммо айрим кимсалар борки, оғунинг оғу эканини била туриб, ўзини тия олмайди. Спиртли ичимликларни муккасидан кетиб ичади, мунтазам равишда ичишни одатга айлантиради. Аслида алкоголь ичимликларининг зарари унинг биринчи томчисиданоқ бошланади, организмга, саломатликка салбий таъсир кўрсатади.
— Алкоголь заҳарли, қарамлик келтириб чиқарувчи руҳий фаол модда ҳисобланади, — дейди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти етакчи мутахассиси Малика Валиева. — Бу турдаги ичимликларни истеъмол қилиш 200дан ортиқ касалликлар, жароҳатлар ҳамда соғлиқнинг бошқа бузилишларига сабабчи бўлади. Руҳий ва хулқ-атвор бузилишлари, алкоголга қарамлик, оғир юқумли бўлмаган касалликлар, жумладан, жигар циррози, саратоннинг баъзи бир турлари, юрак-томир касалликлари каби муаммоларнинг ривожланиш хавфи алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ.
Бир неча ўн йил олдин саратонни ўрганиш бўйича халқаро агентлик алкоголни канцероген — саратон касаллигини келтириб чиқарувчи моддаларнинг 1-гуруҳига киритган. Бу гуруҳга энг хавфли омиллар — асбест, радиация ва тамаки кабилар киради. Алкоголь саратон касаллигининг камида етти хил тури ривожланишига сабабчи бўлади. Уларнинг энг кўпи йўғон ичак ва кўкрак бези саратонидир. Алкоголь маҳсулотида “рак”нинг ривожланиш хавфи мавжуд.
2010-2019 йилларда Ўзбекистонда алкоголни истеъмол қилиш даражаси аҳоли жон бошига (15 ва ундан катта ёшдаги) нисбатан 44 фоизга кўпайган. 2019 йилда ўтказилган текширув натижасида мамлакатимизда катта ёшдаги аҳолининг 4,7 фоизи, эркакларнинг 8,7 фоизи, аёлларнинг 0,8 фоизи алкоголь истеъмол қилиши аниқланди.
Маълумотларга кўра, алкоголни зарарли истеъмол қилиш натижасида ҳар йили дунё бўйича 3,3 миллион ўлим ҳолати юз беради. Бу эса барча ўлим ҳолатларининг 5,3 фоизини ташкил қилади.
Ўзбекистонда алкоголь истеъмоли билан боғлиқ барвақт ўлим кўпроқ эркаклар орасида учрайди. Чунки улар орасида аёлларга нисбатан алкоголни истеъмол қилиш қўлами бир неча баробар кўп. Хусусан, жигар ва жигар ичи ўт йўллари хавфли ўсмалари келтириб чиқарган ўлим ҳолатлари 30-69 ёшдаги эркакларда шу ёшдаги аёлларга нисбатан ўртача 1,6 марта, алкоголь сабабли жигар касаллиги келтириб чиқарган ўлим ҳолати эса ўртача 5 мартадан кўпроқ юз берган, — дейди М.Валиева.
Дарҳақиқат, мутахассис қайд этган маълумотлардан ҳам англаш мумкинки, алкоголь истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Ичкиликбозлик нафақат саломатликка таъсир кўрсатиши билан, балки бошқа аянчли оқибатларга олиб келиши билан ҳам хавфлидир.
Маълумотларга кўра, 2016 йилда Европа Иттифоқи мамлакатларида йўл-транспорт ҳодисалари келтириб чиқарган ўлим ҳолатларининг 42 фоизи ва жароҳатлар туфайли юз берган ўлим ҳолатларининг 23 фоизи алкоголь билан боғлиқ бўлган.
2021 йилда республикамизда йўл-транспорт ҳодисаларининг 1,3 фоизи (135 та) маст ҳолатда юз берган ва натижада 63 нафар одам барвақт ҳаётдан кўз юмган, 119 нафар одам турли оғирликдаги жароҳатлар олган.
Бундан ташқари, 2021 йилда маст ҳолатда 85 та ёнғин содир этилган ва оқибатда 7 нафар одам ҳаётдан барвақт кўз юмган, 8 нафари турли оғирликдаги тан жароҳати олган.
Демак, спиртли ичимликларга тобелик инсоннинг ўзига ҳам, ён-атрофидагиларга ҳам, саломатликка ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Алкоголь билан боғлиқ юқоридаги факт ва маълумотлар ҳар кимнинг ўзи учун тўғри хулоса чиқаришига туртки бўлса, ажабмас.
Муҳтарама Комилова, ЎзА