Президент Дональд Трамп Калифорниядаги 1963 йил ёпилган машҳур Алькатрас қамоқхонасини яна очиш ҳақидаги фармонни имзолади. АҚШ етакчиси таъкидлашича, қайта қурилган, энг юқори даражадаги хавфсизлик тизими билан таъминланган бу турма “энг шафқатсиз ва зўравон жиноятчилар сақланадиган” маскан сифатида бундан буён “қонун, тартиб ва адолат тимсоли”га айланади.
– Кўчаларимизда ёвузлик, қон тўкилиши ва тартибсизлик келтириб чиқараётган жиноятчиларга энди тоқат қилмаймиз, – деб ёзган Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Шу муносабат билан тегишли вазирликлар ва Ички хавфсизлик департаменти билан ҳамкорликда ўта хатарли жиноятчиларни жойлаштириш мақсадида кенгайтирилган ва қайта барпо этилган Алькатрас қамоқхонасини очишга рухсат бераман.
Бир пайтлар Сан-Франциско кўрфазида жойлашган оролдаги қочиб бўлмас қамоқхона саналган Алькатрас 1912 йил эски қалъа ўрнида қад кўтарган. Аввал ҳарбий қамоқхона сифатида фойдаланилган бино 1936 йил Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, қайта тикланган ва янада мустаҳкамланган. Маълумотга кўра, ушбу қамоқхонага АҚШдаги энг хавфли жиноятчилар юборилган. Улар орасида машҳур гангстер Аль Капоне ҳам бор эди. Алькатрас ўнлаб йиллар давомида мамлакатдаги энг кучли назорат қилинадиган турма ҳисобланган. Собиқ маҳбуслар бу манзилдаги қўриқчиларнинг шафқатсизлиги, ғайриинсоний хусусиятлари ҳақида жуда кўп шикоят қилишган.
Мазкур даҳшатли мажмуадан қочишга 14 марта уриниш бўлгани, ҳеч бири муваффақият келтирмагани айтилади. Тарихи Сан-Франциско шаҳри билан чамбарчас боғлиқ Алькатрас оролида XIX аср ўрталарида олтин конлари аниқланган. Шу боис одамлар бойлик илинжида бу жойга кўчиб кела бошлаган. Шу тариқа Сан-Франциско дунёдаги энг ривожланган портлардан бирига айланган ва шаҳар жадал ривожланган. Оролда дастлаб кемалар учун маёқ ўрнатилган, кейинроқ ҳимоя қалъаси қурилган. ХХ аср бошида ҳарбий қамоқхона ташкил этилган. Вақт ўтиши билан маскан жиноятчиларни сақлаш учун жуда қулай экани маълум бўлди. Айнан ўша даврда жиноятчилик даражаси анча ўсган ва салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кескин режимли махсус қамоқхона ташкил этиш зарурати юзага келган. Алькатрас шу талабларга жавоб берган. 1963 йил қамоқхона ёпилган ва шундан бери сайёҳлар учун очиқ тарихий музей вазифасини ўтамоқда. Мана, 60 йилдан зиёд вақт ўтиб, мажмуа яна турмага айланяпти...
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ga4B2nAHrPs" title="Alkatras qayta ochiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов ЎзА