Алишер Навоий – шеъриятнинг сўнмас қуёши
Бу йил улуғ мутафаккир шоир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги мамлакатимиз миқёсида ғоят кўтаринкилик билан нишонланмоқда. Бу эса мамлакатимизда аллома шоир бобомиз меросини асраб-авайлаш, уни ўрганиш, кенг тарғиб этиш, маънавий-маърифий ишларни замон руҳига ҳамоҳанг ташкил этиш борасидаги амалий ишларнинг натижасидир.
9 февраль – Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги Адиблар хиёбони эрта тонгдан ижодкор зиёлилар, адабиёт мухлислари, мамлакатимиздаги чет эл дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, чет эллик навоийшунос олимлар, турли вазирлик ва ташкилотларнинг вакиллари, талаба-ёшлар билан гавжум бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари маънавий-маърифий соҳалардаги мисли кўрилмаган ўзгаришлар билан уйғун кечаётганини, жамиятда маънавий уйғониш, миллий ўзликни теран англашда Навоий ижодини мукаммал ўрганишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
– Кейинги йилларда Навоий асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинди, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Навоий ўз асарларида халқлар дўстлиги, айниқса, туркий халқлар ҳамжиҳатлигига алоҳида эътибор қаратган. Навоий ўз ижодида таълим-тарбия, мураббийлар фаолиятига устувор аҳамият қаратган. Бу жиҳатлар мамлакатимизда бугун таълим соҳасида олиб борилаётган маърифий янгиланишларга ҳам вобастадир.
Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси маслаҳатчиси Жасулан Искаков Алишер Навоий ижоди ўзининг ўлмас ва ҳаётбахш эзгу ғоялари билан ҳамон башариятни эзгуликка, тинчлик ва ҳамжиҳатликка, маънавий поклик, инсоф-диёнатга чорлаб келаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи директори, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқулов Навоийнинг Туркияда чоп этилган девони ҳақида батафсил маълумот бериб, унинг нашр этилиши туркий халқлар ўртасидаги маданий-маърифий, адабий ришталарни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари номзоди Акромжон Деҳқонов Навоий асарларида тинчлик ва дўстликнинг улуғланиши, бобомиз ўз фаолиятида мамлакатнинг тинчлиги, осудалиги, фаровонлигига алоҳида эътибор қаратгани хусусида сўзлади.
[gallery-15882]
Эронлик олим, профессор Ғулом Ризо Размий Навоийнинг Эронда сақланаётган қўлёзмалари, ушбу мамлакатда улуғ аллома бунёд эттирган иншоотлар хусусида маълумот берди.
– Ўзбекистон заминида, буюк Алишер Навоий авлодлари ҳузурида эканимдан ғоят мамнунман, – деди Ғулом Ризо Размий. – Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Бу муносабатларнинг энг равнақ топган жиҳатлари Навоий яшаган, ижод қилган давр билан бевосита боғлиқдир.
Ёш таржимон Мадинабону Муҳаммадризаева Навоий ғазалларининг инглизча таржимасини, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университетида таҳсил олаётган талабалар шоир бобомиз ижод намуналарини хорижий тилларида ўқиди.
Тантанали тадбирда атоқли шоир Абдулла Шер Алишер Навоийга бағишланган шеърини ўқиб берди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова шоир ғазали билан айтилувчи “Шитоб айлаб” қўшиғини ижро этди.
Иштирокчилар шоир ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов иштирок этди.
Шоирнинг ижодига бағишланган тадбирлар пойтахтнинг Навоий кўчасидаги Шоирлар хиёбонида, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига туташ майдондаги аллома ҳайкали пойида ҳам бўлиб ўтди.
Бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг барча таълим масканлари, кутубхоналар, ижодий ташкилотларда бўлиб ўтмоқда.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров,
Рустам Назарматов(сурат), ЎзА