Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Aлишер Навоий муаллифлик корпусининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур инновацион таълим технологиясининг асосий мақсади ўрта махсус ва олий таълим муассасалари талабалари, шунингдек, кенг китобхонлар оммаси учун Aлишер Навоий ижодини мустақил ўқиш ва тушуниш имконини яратишдан иборатдир.

Корпус интерфейси ўзбек, инглиз, рус ва турк тилларида бўлиб, хорижий тадқиқотчилар ва қизиқувчилар учун ҳам фойдаланиш имкониятини таъминлайди.
Мазкур корпус орқали фойдаланувчилар Aлишер Навоий ғазалларини луғатларсиз мустақил ўқиш ва тушунишлари, шунингдек, ХV аср лексикасини англаш кўникмаларини ривожлантиришлари мумкин.

Боиси, унда 213 мингга яқин сўз ва сўз бирикмалари изоҳланди. 2 минг 600 ғазалдаги 212 минг 781 та сўз контекстуал семантик тавсифланди ва тегланди. Шеърий санъат турлари (мақол – 110, ибора – 260, талмеҳ – 883, тазод – 474, таносиб – 2 минг 566, тасбеъ – 32, тасдир – 145, ташбеҳ – 124, архаик сўзлар – 527, тарихий сўзлар – 13) махсус белгиланди.

Қидирув тизими умумий ва фильтрли қидирув имкониятига эга бўлиб, фойдаланувчилар изоҳ талаб сўзларни тез ва қулай топишлари мумкин.
Корпус ижодий услубни ўрганиш, турғун бирикмалар ва поэтик санъат турларини таҳлил қилиш, асарлар бадиийлигини ошириш, матн типини аниқлаш ҳамда аудитория ёшига мос тарзда матнларни фильтрлаш имконини беради.
Шу билан бирга Интеллектуал мулк агентлигидан 5 та муаллифлик гувоҳномаси олинди ҳамда “Aлишер Навоий муаллифлик корпуси: имкониятлари ва фойдаланиш йўриқномаси” номли услубий қўлланма нашр этилди. Шунингдек, “Муаллифлик корпуслари: Aлишер Навоий муаллифлик корпуси” номли монография чоп этилди.

Мазкур лойиҳа навоийшунослик илм-фанига муҳим ҳисса қўшиб, Aлишер Навоий асарларини англашни осонлаштиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА