Суюкли адибимиз Миркарим Осимнинг “Зулмат ичра нур” асарида буюк бобомиз, давлат арбоби, файласуф ва шоир Алишер Навоийнинг ёшлиги ҳақида лўнда услубда қизиқарли маълумотлар берилган. Қиссада Алишер Навоий ёшлигиданоқ бошқа болалардан ажралиб тургани Шарафиддин Али Яздий билан мулоқот шаклида ажиб маҳорат билан кўрсатилган. Ёзувчи тасвирлайдики, Навоий бир гуруҳ болалар билан улуғ тарихчи Али Яздийни кўриб қолади. Шунда бошқа тенгдошлари кўча бўйлаб қочганида Навоий улардан ажралиб, тарихчига салом беради. Саволларига одоб билан самимий оҳангда жавоб қайтаради. Шарафиддин Али Яздий болакайга “Боракалло. Бул жамоат болаларидин биз чоқирғонда сен келиб, мен била ошно бўлдинг. Кел, сенинг учун фотиҳа ўқоли…” дея дуо қилади.
Миркарим Осимнинг шу асарини ҳар гал мутолаа қилганимда Алишер Навоийнинг беш асрдан буён дунёда улуғланиб, номи сўнмас юлдуздек порлаб турганига унинг зеҳни, ота-она тарбияси ва улуғларнинг дуолари сабаб бўлгандир, деган хаёлга бораман. Маълумки, Алишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад – Темурийлар саройида хизмат қилган. Ўз даврининг нуфузли кишиларидан бири бўлган. Онаси Қобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизидир. Ғиёсиддин Муҳаммад ўғлининг таълим-тарбиясига болалигидан жиддий эътибор берган. Авлиёларнинг авлиёси, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоирларнинг султони Навоий шарқда “низоми миллати ва дин” (дин ва миллат низоми) унвони билан улуғланган бўлса, султон Ҳусайн Бойқаро “муқарраби ҳазрати султоний” (султон ҳазратларининг энг яқин кишиси), деган мақомни берган. Бутун туркий халқлар эса “шамс ул миллат” яъни, миллат қуёши, дея таърифлайди. Ул ҳазрат мангу қўним топган қўшни Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги сокин маскан беш асрдан буён муқаддас қадамжо сифатида танилган.
Алишер Навоий нафақат буюк шоир балки, давлат арбоби сифатида юртни ободонлаштириш, ички назоратни бошқариш ва бошқа ишларда барчага ибрат бўлган. Жумладан, у Астрободга ҳоким бўлган даврларида ўз маблағи ҳисобидан бир нечта мадраса, 40 та работ, 17 та масжид, 10 та хонақоҳ, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк, 20 та ҳовуз қурдирган. Бобокалонимизнинг “Маҳбуб ул-қулуб”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Муншаот”, “Мезон ул-авзон”, “Муҳокамат ул-луғатайин”, “Мажолис ун-нафоис” сингари кўплаб асарлари бугун ҳам жаҳонда жуда машҳур ва ўз қадр-қимматини йўқотмаган. Ҳазрат Навоийнинг туркий ва форс тилларида бир хил ижод қилгани ҳам ул зотнинг нақадар буюк инсон бўлганидан дарак беради. Хусусан, у Навоий тахаллуси билан туркий тилда ижод қилган бўлса, форсий тилда Фоний тахаллуси билан танилган. Улуғ аждодимиз келажакни, бугунги ҳаётни асарларида ўзининг ўша замондаги тасаввурлари билан таърифлагани ҳам биз ёшларни чуқур мушоҳадага ундайдиган қизиқ ҳолатдир. Ўқиган бўлсангиз, “Сабъаи сайёр” достонида Зайд ҳақида ҳикоя келтирилган. Асарда подшоҳ Зайдга шундай бир тахт ясашни буюрадики, унинг биринчи зинасига оёқ қўйилса, зинанинг ўзи тахтга олиб чиқиб қўйиши кераклиги тайинланади.
Ваҳоланки, замонавий технологиялар асосида бизнинг давримизда яратилган бу зинапоя бугунги кунда дунё аҳли метро, кўп қаватли супермаркет ва бошқа иншоотларда одамларнинг мушкулини осон қилаётган эскалатордир. Мир Алишер Навоийнинг рубоийлари, ғазаллари бир қарашда оддий ёрга, кишиларга бағишлангандек туюлади. Сўз ўйинларидан маҳорат билан фойдаланади. Бироқ, уларнинг тасаввуфий таҳлили мутлақ ўзгачадир. Шу ўринда фикримиз қуруқ бўлмаслиги учун қуйидаги рубоийни қисқача таҳлил қиламиз. Бобомиз ёзадиларки:
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулға тикондек ошён бўлмас эмиш.
Бу рубоийни ўқимаган, эшитмаган, ёд олмаган киши бўлмаса керак. Унда мусофир инсон ўз юртидан узоқда бўлса, ўзини ғарибдек ҳис этиши ва ҳамма нарса унга қоронғи бўлиши тасвирлангандек мазмун келиб чиқади. Сабаби – у ўзга юртда ҳеч кимни билмайди, танимайди ва бу ҳолат подшоҳнинг олтин қафасида турган булбулга
қизил гул каби энг олий нарсаларни берсангиз ҳам унинг учун ўз ошёнидаги тикан каби илиқлик беролмаслигига менгзагандек фикр уйғотади. Аслида рубоийнинг асл маъноси мутлақ бошқачадир. Ваҳоланки, мазкур жумлалардаги “ғариб” фақатгина мусофирлар эмас балки, барча одамзоддир.
Навоий айтмоқчики, Аллоҳ таоло Одам ато ва Момо ҳаво учун асл ватан этиб Жаннатни ҳадя қилган. Шундан сўнг шайтоннинг ёлғонига ишонгани учун ўз юртидан ерга туширган. Бизнинг барчамиз бу дунёда мусофирмиз ва бу дунё илиқликлари, гўзалликлари инсонга ҳақиқий ҳузур бағишламайди, деган фикрни илгари сурган. Лўнда қилиб айтганда, рубоийдаги “ғурбат” аслида бу фоний дунёдир. Навоий ҳаёти билан танишиб, бой маънавий меросини ўрганиш, ўқиш биз ёшларнинг ҳамиша ҳайратимизни оширади. Ул зотнинг билим ва заковатига ҳавасимизни уйғотади. Биласизми, олимларнинг айтишича, бугун ўзбек тилшунослигида 80 мингдан ортиқ сўз мавжуд.
Беназир бобокалонимиз асарларида 26 минг 35 та такрорланмас туркий сўзни қўллаган. Ваҳоланки, рус халқининг буюк шоири Пушкин асарларида 21 минг 197 та сўз, инглиз адабиётининг фахри Шекспир салкам 20 мингта, испан адабиёти даҳоси Сервантес ўз асарларида 18 мингга яқин сўз ишлатган. Битикларида сўз қўллаш маҳорати ҳам Алишер Навоийнинг жаҳонда тенги йўқ истеъдод соҳиби бўлганидан далолат беради. Мавриди келганда шуни ҳам айтиш жоизки, сайёрамизда глобаллашув даври кечаётган бизнинг замонимизда Алишер Навоий хотирасига бағишлаб жуда кўп эзгу ишлар амалга оширилаётгани, вилоятлар марказларида Навоий ҳайкали ўрнатилиб, маърифат масканлари, театр, кўча, мактаб ва нуфузли олий таълим муассасаларига ул зотнинг номи берилгани, талабалар учун Навоий номли стипендия жорий этилгани, жаҳоннинг Москва, Боку, Сеул, Шанхай, Токио, Ашхобод каби йирик шаҳарларида муаззам ҳайкали бўй кўрсатиб турганидан қалбимиз ҳамиша қувончга тўлади.
Мамлакатимизда жорий йил Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ана шу муборак кун арафасида таъкидлаш зарурки, биз, ёшлар дунёни лол қолдирган беназир мутафаккирнинг авлодлари эканимиздан ҳақли равишда фахрланишимиз, асарларини чуқур ўрганиб, ўқишимиз, Навоий асарлари ҳар бир инсон учун бебаҳо маънавий озуқа эканини янада кенг тарғиб қилишда собитқадам бўлишимиз керак.
Дилдора Абдимўминова,
Термиз давлат университети ўзбек филологияси факультети талабаси
ЎзА