“Алишер Навоий. II жилд” китоби нашрдан чиқди
Шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” ғоясини ўзида мужассам этган маърифий анжуманлар, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, китобхонлик байрамлари ўтказилмоқда. Китобхонлар учун энг улуғ, энг азиз байрамга туҳфа бўлишга арзигулик нашрлар, янги асарларнинг тақдимотлари ўтказилмоқда.
Таниқли адабиётшунос ва ёзувчи Баҳодир Қобулнинг истиқлол байрами арафасида нашрдан чиққан китоби ўқувчилар учун шундай байрамолди совға дейиш мумкин.
Мазкур китоб буюк шоир ва миллат фахри Алишер Навоийнинг 580 йиллик таваллудига муносиб совға бўлишига ҳамда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, улуғ бобомизнинг кўнглини халқимизга янада яқинлаштиришга, бу қадрли меросни маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаи ва таркибий қисмига айлантиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ.
“Алишер Навоий. II жилд” китоби Алишер Навоий даҳосини теранроқ англаш, бебаҳо ижодидан баҳра олиш имконини бериши билан қадрли. Китобнинг дастлабки жилди бундан бир муддат аввал нашрдан чиққан эди.
Ушбу китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Адабиёт” нашриётида чоп этилди. Ўгирувчи – Баҳодир Қобул. Масъул муҳаррирлар – Ҳабиб Абдуназар, Орзиқул Эргашев.
Айтиш жоизки, Баҳодир Қобул буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ижодини теран таҳлил этган бир қатор асарлар муаллифидир.
Н.Усмонова, ЎзА