
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Aлишер Навоий адабий ва илмий меросининг миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашдаги ўрни” мавзусида адабий-маърифий тадбир ўтказилди.
Кейинги йилларда Aлишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини кенг тарғиб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Буюк мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги, маънавият ва маданият ривожига беқиёс ҳисса қўшган, дўстлик ва адолат куйчиси сифатида жаҳонда ном қозонган бобокалонимиз Aлишер Навоий таваллуд топганига бу йил 584 йил тўлди.

Ҳар йили ушбу сана юртимизда кенг нишонланади. Жорий йилдаги тадбирлар ҳам кўтаринкилик, ўзгача шукуҳ билан адабиёт, маънавият, илм-маърифат, дўстлик айёми сифатида ўтказиляпти.
Тадбирда Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов Алишер Навоий меросини чуқур ўрганиш ҳар бир ҳамюртимизнинг маънавий камолотида алоҳида ўрин эгаллашини таъкидлади.
Эътироф этилганидек, туркий халқларнинг ижодкорлари Навоий асарларидан баҳра олиб, ўз асарларини яратганлар. Зеро, Навоий ўз асарларида улуғлаган одамийлик, меҳр-оқибат, маънавий поклик, адолат, дўстлик, ҳамжиҳатлик каби эзгу ғоялар барча замонлар учун долзарб бўлиб келган.
Тадбирнинг асосий қисмида Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, шоир ғазалларида дўстлик ва адолатнинг тараннум этилишига бағишланган маърузалар тингланди.

Жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, атоқли журналист Тўлқин Эшбек Aлишер Навоийнинг ҳаёти ва ижод йўли ҳақида маъруза қилди. Ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, ёшларни юксак маънавиятли, теран тафаккурли инсонлар етиб тарбиялашда мутафаккир ижодининг аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритди.
Шунингдек, қўмитанинг илмий маркази раҳбари, олима Саодат Давлатованинг “Aлишер Навоий ижодида миллатлараро тотувлик ғояси”, Татар миллий маркази фаоли Ринат Шигабдиновнинг “Aлишер Навоий ижоди профессор Ғ.Саъдийнинг илмий меросида” деб номланган маърузалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири