Xалқимизнинг улуғ шоири ва мутафаккири Алишер Навоий мангу барҳаёт сиймолардан бири бўлиб, жаҳон адабиётининг буюк санъаткорларидан ҳисобланади. Алишер Навоий ижодини чуқур тадқиқ этиш ва моҳияти билан халқимиз маънавий оламини янада бойитиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ўз замонасидаёқ илмий ва ижодий доираларнинг диққатини тортди. Жумладан, Мирхонднинг «Равзат ус-сафо», Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ», Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро», Бобурнинг «Бобурнома», Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъ ул-вақоэъ», Абдураҳмон Жомийнинг «Юсуф ва Зулайҳо», «Хирадномаи Искандарий» ва «Баҳористон» каби асарлари ҳамда бошқа муаллифлар асарларида Навоийнинг фаолияти ва ижодига доир муҳим маълумот, таъриф ва баҳолар берилган.
Алишер Навоий сиймоси ва унинг асарлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалар кейинги асрларда яратилган тазкиралар, бир қатор тарих китоблари ва мемуарлардан ҳам кенг ўрин олади.
Алишер Навоий асарларини, ўз таъбири билан айтганда, унинг тириклик пайтиданоқ, «Хитодин то Хуросон»гача озарбайжон, туркман, қозоқ, қирғиз, усмонли турклар севиб ўқишарди:
Олиб мен тахти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.
Хуросон демаким, Шерозу Табриз,
Ки қилмишдур найи килким шакаррез.
Академик В.Абдуллаев улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳақида Ўзбекистонда биринчи бўлиб 1941 йил 31 майда «Алишер Навоийнинг ҳаёти ва Самарқанддаги адабий фаолияти» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. Ушбу тадқиқот Алишер Навоийнинг Самарқандга келиш сабаблари, 1465-1469 йиллар давомида унинг Мовароуннаҳрда бўлгани, замондошлари, ўрганган фанлари, Фазлуллоҳ Абуллайсий хонадонидаги ҳаёти, ёзган асарлари, илм-фан, маданият аҳллари билан муносабатлари батафсил ёритиб берилганлиги билан алоҳида қийматга молик саналади.
Тарихчи олим Хондамирнинг маълумот беришича, XV асрнинг охирларида Алишер Навоий асарларини юборишни илтимос қилиб, турли давлатлардан Ҳиротга тинмай мактублар келиб турган. Шоир девонлари подшоҳу султонларга, амиру амалдорларга энг қимматбаҳо совға сифатида тақдим этилган.
Алишер Навоий туркий тилга асос солган ва манбаларга кўра, бу тильдан «Навоий тили», «Навоий тарзи» дея фойдаланилган. Унинг Онадўли мумтоз турк адабиётига таъсири Туркияга юборган 33 та танланган ғазали ва девонида мавжуд бошқа шеърий жанрларга турк шоирлари томонидан назиралар битиш ҳодисасидан бошланади.
Онадўлида сўнгги асрларда ижод қилган барча шоирлар Навоийни ҳурмат ва юксак эҳтиром билан хотирлайдилар. Масалан, усмонли шоирларидан Дукакинзода Яҳё Бей «Гулшани Анвор» номли маснавийсида Навоийни шундай таърифлайди:
Мир Навоий гули бехордур,
Хамсаси бир нофаи тотордур.
Сўзларидир ишқ ўтининг сарсари,
Ҳар бири баҳри ғазалин гавҳари.
Васф этолмам зоти хирадмандини,
Айни Ажам кўрмади монандини.
Навоий барча туркий халқлар орасида бўлганидек, усмонли турк адабиётида ҳам бир неча асрлардан буён катта шуҳрат қозониб келаётган шоирдир. Императорликнинг Будиндан Басрагача бўлган бутун Онадўли ва Рум эли тупроқларида, Озарбайжон, Эрон, Ироқ, Қрим, Волга қирғоқлари ва туркманлар орасида ҳамда Оқ денгиз қирғоқларидан Кошғаргача барча марказларда унинг асарлари ўрганилди. Фақатгина усмонли жуғрофиясида эмас, балки Эронда Сафавийлар саройларида, Ҳиндистондаги Бобурийлар саройларида ҳам унинг асарлари ўқилди, шеърларига назиралар ёзилди.
Турк адабиёти тарихи мутахассислари Навоий ижодининг усмонли турк шоирлари, достоннавислари ижодига таъсири ХV асрнинг охирги чорагидан бошланган, деган хулосага келадилар. Навоийнинг асарларининг ХV асрдан бошлаб турк адабиёти тараққиёти учун асосий намуна бўлганлиги ҳақида гапирганда, туркийшунос В.С.Гарбузованинг қуйидаги фикрини келтириш мақсадга мувофиқ саналади: «Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий асарларидаги инсонни улуғлаш, гуманизм ва ватанпарварлик ғоялари, дўстлик ва биродарлик тароналари шу даврдаги турк қалам соҳибларининг эътиборини ўзига тортди».
Марказий Осиё шоирларининг усмонли турк шеъриятига таъсири XV асрнинг I ярмида бошланган эди. Марказий Осиёлик шоирларнинг усмонли давлатига етиб борган дастлабки шеърлари форс-тожик шоири Абдураҳмон Жомийнинг маснавийлари ҳисобланади.
Маълумки, Султон Маҳмуд II Жомий шеърлари билан аввалдан таниш эди. Шунингдек, Аҳмад Пошо ҳам Низомий, Жомий каби улкан сўз санъаткорлари ижоди билан таниш бўлган. Лекин Навоийнинг ғазаллари унинг ижодига жуда катта таъсир кўрсатади.
Алишер Навоий асарларининг ғоявий-бадиий таъсири нафақат Марказий Осиё, балки Европада яшовчи туркийзабон халқлар ижодида ҳам ўз ифодасини топган. Туркшунос олимларнинг фикрича, XV асрнинг охирги чорагидан бошланган бу жараён турк адабиётининг лирик ва лиро-эпик тараққиёти учун намуна вазифасини бажарган ҳодисадир.
Алишер Навоийнинг шеърлари ёзилган йиллардан бошлаб ҳам Марказий Осиёда, ҳам усмонли турк давлатида кўп шуҳрат қозонади. Унинг шеърлари шоир ҳаётлик чоғидаёқ усмонли шоирларининг эътиборини тортиб, уларга назира ёзиш анъана тусига кира бошлайди.
Туркий адабиётнинг энг буюк шоири бўлган Алишер Навоийнинг Онадўлида шаклланган турк адабиётига таъсири эски ва янги манбаларда тез-тез тилга олинади. Маълумки, Навоийнинг усмонли турк адабиётига таъсири XX асрда янгидан ўрганила бошланди ва дастлаб Номиқ Камол, Гибб, Бровне, сўнгра эса, Фуод Кўпрулу, Али Ниҳад Тарлан, проф. Мустафа Эсон, проф. Жамол Курназ, проф. Таҳир Узгўр, Элеазар Бирнбаум ва Сигрид Клейнмишел каби тадқиқотчилар томонидан қайта қаламга олинди.
Мумтоз турк адабиётшунослигида Алишер Навоийнинг Онадўли шоирларига кўрсатган таъсирини қуйидаги манбалар таҳлилидан яққол сезиш мумкин: 1) Шуаро тазкиралари; 2) назира мажмуалари; 3) XV-XVI аср шоирларининг шеърлари.
XVI аср тазкираларида Алишер Навоийнинг ўзига хос услуби билан кўплаб усмонли турк шоирларини таъсирлантирганлиги бот-бот такрорланади. Жумладан, Ҳофизи Ажам ва Муҳйийнинг «Навоий тарзига яқин хушоянда гуфтори» бўлганлиги, Шоҳийи Шарқийнинг «Навоий тарзи»ни эслатиши, Жамилийнинг «Аксар ашъорининг Навоий тарзида» эканлиги, Шуҳудий, Сабоий, Зойиий ва Зуҳдийнинг «Навоийда моҳир» бўлганлиги, Ғиёсий ва Улумийнинг «Тарзи Навоийда жаҳд» кўрсатганлиги қайд этилади.
Турк олими Юсуф Четиндағ ХVI аср тазкиранависларининг билдирган фикрлари ва девон таҳлилларидан чиқарган хулосаларига кўра, ХV-ХVI асрда Онадўлида Алишер Навоий шеърларини бевосита ёки билвосита танзир этган шоирлар сони 70 га яқин, деган тўхтамга келади.
ХV-ХVI асрларда Онадўлида Алишер Навоийнинг шеърларига бевосита назира ёзган, уларнинг қофия, радиф, мазмун, ғоя ва мавзусидан таъсирланган ҳолда ғазал битган шоирлар миқдори 35 га яқин бўлган. Демак, қолган 35 га яқин шоир эса, восита шеър, яъни билвосита назира ёзган нозимлар саналади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Навоийнинг ажойиб лирикаси турк шоирларига, уларнинг ижодига жуда катта таъсир кўрсатди. Буюк мутафаккир лирикасидаги чуқур фалсафий фикрлар, инсон ҳиссиётига зўр таъсир қила оладиган ёрқин поэтик образлар ва тасвирий воситалар ҳамманинг эътиборини ўзига тортади. ХV асрнинг охири – XVI аср бошларида кенг ривожланган энг яхши турк ғазаллари ва қасидалари Навоий лирикасига тақлид қилиб яратилган эди.
Шубҳасиз, Навоий ҳақида ёзилган асарлар булардангина иборат эмас. Шу билан бирга, Фуод Кўпрулу, Огоҳ Сирри Левант, Саъдиддин Нусъҳат Эргун, Алаиддин Гувса, Мустафо Эсон, Юсуф Четиндағ каби тадқиқотчиларнинг ҳам Алишер Навоий ижоди билан боғлиқ бир талай ишлари мавжуд.
Ф.Кўпрулунинг «Турк тили ва адабиёти ҳақида тадқиқотлар» номли китобида ҳам «Алишер Навоий ва таъсирлари» мавзусидаги бир бўлим бор. Кўриниб турибдики, турк маданияти ва адабиёти учун бундай муҳим шахс ҳақида Туркияда бугунга қадар бир-биридан фарқли жуда кўп ишлар қилинган.
Алишер Навоийнинг девонлари, достонлари ва фалсафий-бадиий асарлари Туркияда турли тадқиқотчилар томонидан таржима қилиниб, нашр эттирилган.
Шунингдек, Алишер Навоий ҳақида усмонли турк тилида кўплаб навоийшунос олимлар томонидан турли асар ва мақолаларнинг чоп эттирилиши усмонли туркларнинг Навоий ижодиёти, асарлари ва шахсиятига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромидан далолат беради. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий ижодига нисбатан қизиқиш Туркияда ҳозир ҳам шунчалик кучлики, турк миллатига мансуб илм аҳли ҳатто турли вебсаҳифа ва форумларда эски ўзбек адабий тилининг асосчиларидан бирининг ҳаёти ва ижодига доир турли маълумотларни ёзиб, интернет саҳифалари орқали ўзаро фикр алмашишади. Жумладан, Ридван Жанимнинг «Турк маданияти ва адабиётида Алишер Навоий тадқиқотлари», Женос Экманнинг «Навоийнинг илк девонлари хусусида», Юсуф Четиндағнинг «Усмонли адабиёти ва Навоий», «Алишер Навоий ва усмонли подшоҳлари», «Алишер Навоий ва турк шеърияти тили» каби мақолалари шулар жумласидандир.
Истанбул Бўғозичи университети профессори Лола Улуч, Меъмор Синон университети профессори Танжу Сейҳанлар айни пайтда юртимиз навоийшунослари билан ҳамкорликда «Алишер Навоий қўлёзмалари бутунжаҳон феҳрести»(каталоги)нинг Туркия қўлёзмалари қисми устида иш олиб боришмоқда.
Шунингдек, турк олимаси проф. Лола Улуч Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан чоп этилаётган «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламлари» нашрлари серияси доирасида «Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги иллюстрацияли қўлёзмалари» номли китобини 2018 йили уч тильда нашр қилдирди. Ушбу китоб-альбомга Алишер Навоийнинг Истанбул кутубхоналарида сақланувчи 17 та қўлёзма асари тадқиқи ва илмий тавсифи, улардаги миниатюралар ҳақидаги маълумотлар киритилган.
Бундан ташқари, Огаҳ Сирри Левенд томонидан бундан олтмиш йил аввал – 1958 йили «Туркия кутубхоналаридаги Навоий асарлари қўлёзмалари» номли феҳрест (каталог) нашр этилганини ҳам эътироф этиш керак. Унда олим 1958 йилгача мавжуд бўлган маълумотлар асосида Туркия Республикаси кутубхоналарида сақланувчи Алишер Навоий асарларига эга 90 дан ортиқ қўлёзмалар тавсифини келтиради.
Умуман олганда, Алишер Навоийнинг ҳаёти, фаолияти ва ижодиёти мавзуси ХV аср охири – ХVI аср бошларидан буён нафақат усмонли турк адабиёти, балки дунё халқлари олимлари томонидан ҳам тадқиқ этилиб, улар ўртасида маданий ва адабий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
Навоий ижодига қизиқиш дунё миқёсида катта ўринга эга. Хусусан, Алишер Навоий асарлари қўлёзмаларининг Европа кутубхоналарида сақланаётганлиги, шунингдек, Шарқнинг турли мамлакатларида ҳам Навоий асарлари асрлар давомида кўчирилиб тарқалганлиги тўғрисида тадқиқотларда маълумотлар берилган.
Масалан, Франциялик олим Марк Тоутант ҳазрат Алишер Навоийнинг «Хамса» асари юзасидан олиб борган тадқиқотида «Хамса»нинг кўпроқ Американинг Мичиган университети ва Париж Миллий кутубхонасидаги иккита қўлёзмасига суянади. Американинг Мичиган университети кутубхонасида сақланаётган Навоийнинг «Хамса» асари қўлёзмаси 1485 йилда, яъни бу асар ёзиб тугалланган вақтда, Ҳиротда кўчирилганлиги билан аҳамиятлидир. Олимларимиз томонидан Навоий асарлари қўлёзмалари дунё бўйича 3500 тагача бўлиши мумкинлиги айтилади. Бугунги кунда хорижда Навоий ижодига оид олиб борилаётган тадқиқотлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида етарли маълумотларга эга эмасмиз.
Бугунги кунда СамДУ профессори И.К.Мирзаев ташаббуси билан «Алишер Навоий» халқаро электрон журнали фаолият олиб бормоқда. Бунда нафақат юртимиз, балки хорижлик навоийшунос олимларнинг ҳам бу соҳада олиб бораётган илмий тадқиқотлари натижалари эълон қилиб борилмоқда. Ҳозирда бутун дунё халқларининг Навоий ҳазратлари адабий меросидан баҳраманд бўлишга интилаётган бир пайтда ушбу журнал ҳам буюк бобокалонимиз ижодини тарғиб қилиш борасида ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилади, деган умиддамиз.
Рохила Рузманова,
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд Давлат университети доценти