Аввало, алимент (таъминот) нима?
Яхши биламизки, алимент (лотинча – аlimentum– озиқ-овқат) – қонунда турмуш ўртоғидан бирини иккинчисига тўлашга мажбур қиладиган, озиқ-овқат, парваришлаш учун пул ёки натура шаклида, ота-она-вояга етмаган болага, вояга етган бола эса кекса, ночор ота-онага ва ҳоказоларга суд тартибида мажбуран пул тўлаш ёки ўтказиш, бунда келишув бўлмаган тақдирда, суд томонидан ундириладиган маблағдир.
Ўзбекистон Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга, асосий қонунимизнинг 66-моддасида эса, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Оила кодексининг 100, 109-моддаларида, ота-онанинг вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот бериши белгиланган.
Лекин биз бугун сўз юритадиган мавзу бу каби мақсад кўзланган алимент ҳақида эмас. Айнан алиментнинг «зўри» ҳақида, яъни охирги пайтларда кўпайиб бораётган – аслида муҳтож бўлмаган ота-онанинг ўз фарзандларидан алимент ундириши ёки муҳтож бўлмаган болаларнинг эса ўз ота-оналаридан алимент ундириш тўғрисидаги низолари, даъволари тўғрисида.
Судларга қилинаётган бундай даъволарнинг ҳам икки хил кўриниши, икки хил юзи мавжуд.
Биринчи кўриниш (юз) - алиментга ҳақиқатда муҳтож ота-оналар, фарзандлар томонидан берилаётган даъволар бўлса, афсус ва минг афсуски, иккинчи кўриниш (юз) - шундай даъволарки, бунда алимент ундириш бошқа бир мақсаднинг воситаси бўлиб хизмат қилади.
Айни шу иккинчи кўриниш (юз) - алиментнинг «зўри» ҳақида фикрлашамиз.
Мабодо, бу каби низоларда тарафлар кимлар деб сўрасангиз. Бир тараф вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар (балки меҳнатга лаёқатли, ёрдамга муҳтож ҳам бўлмаслиги мумкин). Иккинчи тараф кекса ва таъминотга муҳтож ота-оналар (балки таъминотга муҳтож ҳам бўлмаслиги мумкин).
Нега қовис ичида «балки...» деб келтирдик, масаланинг моҳияти ҳам айнан ана шундада. Негаки, даъволарнинг иккинчи кўриниши (юзи)да мақсад бошқа бўлади...
Даъвогар ота-она (ёки улардан бири) ўзлари ноқобил деб ҳисоблаган фарзандига алимент ундириш орқали сабоқ бериб қўйишни мақсад қилади. Чунки аслида унга - даъвогарга таъминот керакмас, уни шароити яхши, ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмас.
Даъвогар фарзандда эса мақсад, ўз ота-онаси (улардан бири)га ўз норозилигини кўрсатиш, ўз принципини намоён этиш, шу орқали ўз ота-онасидан алам олиш, ўз вақтида кўрсатилмаган эътибор учун ўч олишдир. Яъни ушбу ҳолатлардаги даъво талабларини қўйган ҳар иккиси ҳам аслида алиментга муҳтож эмас.
Мисол учун: яқинда шундай ота-она судга мурожаат қилди. Даъво талаби, тўртта фарзандидан бири – ноқобили, Европада ўқиб келди. Ўша ерда ҳамюртимиз бўлган бир қиз билан топишган. Шу қиз билан яна Европага кетмоқчи, ота-онага эътибор қилмайди. Демак, ота-онанинг айтган қизига эмас, бошқасига ўйланмоқчи. Уни бу йўлдан қайтаришнинг бирдан-бир йўли эса, унга нисбатан алимент ундириш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўғлидан таъминот ундириш ва уни шу қиз билан бирга чет элга чиқармаслик...
Она соппа-соғ. Даъво аризани имзолаган ота эса, бир кўринишдан соппа-соғ, қирчиллама, яхшигина давлат ишларида ишлаб нафақага чиққан, таъминоти етарли, лекин қўлида 2-гуруҳ ногирони деган маълумотномаси бор. Шу асосда ўғлига нисбатан алимент ундириш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилган.
(Оила кодексининг 109-моддасига кўра, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт).
Кейинги мисолда ҳам аслида меҳнат шартномаси имзоламаган ҳолда ишлаб, даромад топадиган, бир сўз билан айтганда, таъминотга эҳтиёжи йўқ, бироқ айнан юқоридаги каби маълумотномаси (ногиронлиги ҳақида) бор фарзанд ўз отасига нисбатан даъво киритиб, отасининг биринчи оиласига эътибор қилмаганлиги, иккинчи оиласидаги фарзандларига жуда яхши шароит яратганлиги, унга – даъво қилувчига эътибор
қаратмаганлиги, ўзининг ногиронлигини асос қилиб, отасининг эътиборини қаратиш учун, ундан вақтида фарзандига қаратмаган эътибори учун, отадан алимент-таъминот ундириш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилган.
(Оила кодексининг 100-моддасига мувофиқ, ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартдир. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади).
Албатта, кўрсатилган мисолдаги ҳар икки тарафлар каби ҳар кимга бундай талаблар билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси конституцияси, Оила кодексида бу ҳуқуқ мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳар ким бу ҳуқуқдан эмин-эркин фойдаланиши мумкин. Аммо шу каби «алиментларнинг зўри»да масала моҳияти, унинг оқибати бунда эмас.
Масала, биринчи мисолда, отанинг киритган даъвосини ўз фарзандига қандай таъсир этиши, фарзанди келажагига қандай из қолдиришини чуқур ўйлаб кўрмаганлигида, ўзининг тор доирадаги фикрини ота сифатида мен ҳақман, деб туриб олганлиги кабиларда...
Иккинчи мисолда эса, фарзандларимизнинг дунёқараши нега бунчалик ўзгариб кетаётганлигида, нега улар қарашларида худбинлик акс этаётганлигида, айрим фарзандларимизнинг ота-оналарга нисбатан ҳурматни унутиб қўяётганлиги ва ҳоказолардадир.
Яна асосий масала шундаки, астойдил ўйланмаган ҳаракатимиз асосида, меҳрибон, меҳмондўст, болажон, ота-онасига меҳрибон, боласини подшоҳ, онасини қиблагоҳ, отасини бузруквор биладиган, самимий, мард, ғурурли, иболи, донишманд халқ, илдизи узоқ-узоқларга бориб етган, минг йиллар давомида шаклланган миллат қадриятларини асраб авайлашда, миллат тақдирига бефарқ бўлмасликда, миллат ва халқ олдидаги ўз бурчимизни бир лаҳза ҳам унутиб қўймаслигимиздадир.
Яна бир гап, агар таъминотга ҳақиқатда муҳтож бўлмасак, бошқа бир чорамиз қолмаган бўлса, халқимизга хос оила муқаддаслигини фарзанд ва ота-она муносабатларини, шу азиз миллатга хосликни сақлаб қолиш, шу халқ, шу миллат олдидаги ўз бурчимизни бошқа мақсадларга ёки бошдан оёқ ғазаб ва аламга тўлган тор доирадаги фикрлар гирдобида судларга қилинаётган бундай даъволарга алмашмайлик...
Балки ўрнимасдиру, лекин халқимизда «эксанг ўрасан», «қилма топасан», «буни қайтар дунё», дейдилар деган каби ҳаёт синовларидан ўтган чуқур маъноли ҳикматлар бор.
Хуллас, агар охирги чорамиз бўлмаса ёки шундан бошқа таъминотимизнинг иложи қолмаётган бўлмаса, «алиментларнинг зўри» каби даъволарни киритишни ўта катта ва чуқур мушоҳада асосида ўйлаб кўрайлик!
Хулоса ўзингиздан!
Бу мавзу асло ҳақиқатда ҳам алимент (таъминот)га муҳтож шахсларга тегишли эмас...
Нуриддин Муродов,
ФИБ Учтепа туманлараро
суди раисининг ўринбосари