Алиментчи отанинг қарзини қариндошлари тўлади
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармасидан маълум қилишларича, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2019 йил 4 февралдаги суд буйруғига асосан қарздор Д. Отабековдан икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи фойдасига алимент ундириш белгиланган.
Унинг ижросини таъминлаш Мажбурий ижро бюросининг Жарқўрғон туман бўлимига топширилган. Ижро ҳаракатлари чоғида алиментчи отанинг суд буйруғи чиқишидан бир неча йил муқаддам хорижга, аниқроғи Америка Қўшма Штатларига кетиб қолгани аниқланди.
Кутилмаган бундай ҳолат вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминоти нима бўлади, деган ҳақли саволни ўртага ташлади. Алиментчи отага нисбатан қидирув эълон қилингач, ижрочилар Д. Отабековнинг қариндошларига учрашиб, отанинг фарзанди олдидаги бурчи, қонун талаблари тушунтирилди.
Шундан сўнг бегуноҳ икки нафар вояга етмаган жигарнинг моддий таъминоти билан боғлиқ вазиятни чуқур ҳис этган яқин қариндошлар бир ярим йилдан буён тўланмаган 17 миллион 150 минг сўм пулни тўлаб, қарздорликни узди.
Ижрочилар хорижда юрган қарздор мажбуриятини кўнгилдан бажарган алиментчи отанинг яқин қариндошларига чуқур миннатдорлик билдирди.