Алиментчи оталар қарзини долларда тўлади
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 10 сентябрдаги суд буйруғига асосан қарздор Т.Ж.дан собиқ турмуш ўртоғи Р.Н.нинг фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандлари моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бири миқдорида алимент ундириш белгиланган.
– Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан мазкур ижро ҳужжати асосида амалга оширилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор Т.Ж. собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда фарзандларининг 18 ёшга тўлгунга қадар ҳисобланган алимент пуллари учун 6 минг 500 АҚШ доллари тўлаб берди, – дейди МИБ Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси А.Шералиев. – Маблағ ундирувчига тилхат асосида топширилгач, мазкур ижро иши юритишдан тамомланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг 2011 йил 1 ноябрдаги суд буйруғига асосан қарздор Р.О. ҳам собиқ турмуш ўртоғи Р.А.нинг фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бири миқдорида алимент тўлаб келаётган эди. Р.О. ўз иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда фарзанди 18 ёшга тўлгунга қадар ҳисобланган алимент учун 5000 АҚШ доллари тўлади ва мазкур ижро иши ҳам юритишдан тамомланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА