Алиментчи ота қарзини ортиғи билан тўлади
Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг 2016 йил июндаги буйруғига асосан туманда яшовчи Э.Ҳасановдан бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Бироқ, фарзанди олдида бурчини бажариб қўйишни унутган ота алимент тўлашдан бўйин товлаб қочиб юргани учун МИБ туман бўлими унга нисбатан қидирув эълон қилган. Давлат ижрочиларининг ҳисоб-китобларига кўра, қарздор Элбек Ҳасановнинг 42 миллион сўм алимент қарздорлиги мавжуд.
– Алиментчи отага ушбу қарздорлик бартараф этилмаган тақдирда суд қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазо қўлланилиши мумкинлигини тушунтирдик, – дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти Шеробод тумани бўлими бошлиғи ўринбосари Ўткир Ҳасанов. – У бу маблағ бегонага эмас балки, ўзининг жигаргўшасига берилаётганини англаб қарздорликни бир йўла ортиғи билан яъни, 45 миллион сўм тўлаб берди. Моддий таъминотга қийналиб турган она бу пулни фарзандининг келажаги учун тўғри сарфлашини айтиб, ижро ҳужжатини ҳам муддатидан олдин қайтариб олди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА