Долзарб мавзу
Мажбурий ижро бюроси энди ташкил этилган йиллар эди. Қўлимга суднинг бир ҳужжати тушиб қолди. Унда вояга етмаган икки гўдак учун онадан отасига алимент ундирув белгиланганини, лекин она суд ҳужжатида белгиланган моддий ёрдамни ҳам уларга ўз вақтида тўламаётганини ўқидим. Ўшанда бир неча кун ўзимга келолмадим. Оиладаги келишмовчилик наҳотки, оналар учун гулдек фарзандларидан юз ўгиришига сабаб бўлмоқда? Ўғил бола бўлсаку, хўп-хўп. Бироқ, қиз бола бўлса, унга ота қандай тарбия беради. Қиз бола оилада сир-синоатини, дарду ташвишини кимга айтиб улғаяди? Бегона она қўлида камол топишга маҳкум бўлган бегуноҳ болаларнинг кечмиши, тақдири қандай бўлади?
Шундай хаёллар билан МИБдан суриштирсам, ўша йиллари Сурхондарёда фарзандини отасига ташлаб, ажрашиб кетган оналар сони юздан ортиқ экан.
Бу рақамни эшитгач, хаёлимда яна бир фикр пайдо бўлди. Ажрашаётганида аёлларнинг фарзандини отага ташлаб кетиши олдинги даврларда ҳам бўлганми ёки бу янги “удум”микан? Шу масала қизиқтириб турганида узоқ йиллар Термиз туманида қишлоқ фуқаролар йиғини раисаси бўлиб ишлаган, кайвони момо Гулсара Хоналиева билан суҳбатлашиб қолдим. Гап орасида гурунгимизни айлантириб, оилавий ажримларга тақадимда ўзимни қизиқтириб турган саволни раҳматли Гулсора момога бердим.
– Вай болам, тавба денг э, – деди момо саволни эшитгач. – Ҳаёт, турмуш чигал нарса. Эрнинг овози баланд чиқса, аёли гапдан қолиши керак. Агар хотин қалтисроқ сўз айтиб қўйса, эр сабрли бўлиши лозим. Ана шунда турмуш ширин бўлади. Ишлаб юрганимда ажрим ёқасига бориб қолган оилаларнинг ўртасига тушганман. Яхши гап, ширин сўз билан яраштириб юборганман. Битта-яримтаси ажрашган бўлса ҳам, фарзандини эрига ташлаб кетмаган, болам. Она руҳий носоғлом ёки ори, ҳамияти йўқ бўлсагина фарзандидан юз ўгириш мумкин. Она учун ўғил-қизидан ажралиш ўлим билан баробар нарса. Ўзи бизнинг давримизда болам, турмуш ўртоғи билан ажрашиш ор саналар эди. Ёшим бир жойга борганида арзимаган баҳона билан ажрашмоқчи бўлаётган келин-куёвларни кўп эшитяпман. Энди ажрашаётган келинлар боласини куёвига ташлаб кетадиган одат ҳам чиқаришибдими, тавба?
Момо билан бу мавзудаги гурунгимизни ўзимча таҳлил қилишга уриндим, ўшанда. Ўтган замон билан ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган асримизни қиёсладим. Глобаллашув жараёнларининг таъсирини, рўзғорнинг моддий таъминотини ўйлаб, айрим оилалар маънавий қашшоқликка юз тутаётганини кўз олдимга келтирдим.
Яқинда Гулсора Хоналиева яшаган маҳаллага йўлим тушиб, беихтиёр момони эсга олдим. Кўчасидан ўтаётиб, алиментчи аёллар ҳақидаги суҳбатимиз ҳам ёдимга тушиб қолди. Йўл-йўлакай шу ҳақда бирон мақола тайёрлашни кўнглимга тугдим.
Маълумотларга кўра, айни пайтда Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари иш юритувида вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ 24 мингга яқин ижро иши мавжуд. Бу ижро ҳужжатларининг 369 таси алимент тўловчи аёллар, аниқроғи, ўз боласини собиқ турмуш ўртоғига қолдириб кетган оналарга қаратилган.
– Бу рақамлар оилага енгил-елпи қараш, уни муқаддас, деб билмаслик ва фарзандини арзимаган сабаб билан тирик етим қилиш оқибатида пайдо бўлган, – дейди МИБ вилоят бошқармаси масъул ходими Қобилжон Турсунов. – Кўпинча алимент ҳақида гап кетганда негадир дарҳол эркаклар кўз олдимизга келади. Бугун жамиятимизда нафақат алимент тўловчи оталар, балки фарзанди тарбиясидан воз кечган алиментчи оналар ҳам мавжуд. Оиладаги масъулиятли ва шарафли вазифани чин дилдан, ҳеч нолимай бошини мағрур кўтариб, ҳаёт қийинчиликларига ўзида куч топиб, атрофдагиларига мададкор инсон бу аёл, яъни мўътабар она. Афсуски, аёллар орасида шундай шарафли номга доғ тушираётганлар ҳам бор. Тўғри, бу рақам жами алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг салмоқли қисмини ташкил этмас. Аммо онаси тирик бўла туриб, етимлик юкини елкасига олган болаларда нима айб?
Соҳа мутасаддиларининг айтишича, фарзандидан воз кечиб, меҳрини қизғангани етмаганидек, уларнинг моддий таъминотига бефарқ қараётган оналар ҳам йўқ эмас. Амалдаги қонунларимизга кўра, вояга етмаган болага таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий бажармаган ота ё онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундириш белгиланади. Қонун – барча учун баробар. Вилоятда боласининг моддий таъминотига қўл учида қараётган аёлларга нисбатан ҳам қонун доирасида таъсир чоралари кўрилмоқда. Масалан, Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг 2022 йил январь ойидаги суд буйруғига асосан Нодира Насапова (исм-шариф ўзгартирилди)дан вояга етмаган икки фарзандининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи, болаларнинг отасига алимент ундириш белгиланган эди. Алимент тўловчи она фарзандларининг моддий таъминотига бефарқ бўлиб, алимент тўлашдан бош тортган. МИБ Шеробод туман бўлими ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштириб, қонуний ҳал қилиш учун судга тақдим этди.
Очиқ суд мажлисида қарздор она ва унинг турмуш ўртоғи ўртасидаги масала атрофлича кўриб чиқилди. Жами 17 миллион 155 минг сўм алимент тўлашдан бош тортган онага жиноят ишлари бўйича туман судининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, алиментчи она маъмурий қамоқ жазодан ўзига тегишли хулоса чиқармай икки ой ва ундан ортиқ муддат давомида алимент қарздорлигини тўлашдан бош тортса жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Алиментларни ундирув билан боғлиқ жараёнларда вилоятдаги қарздор оналарнинг 8 нафари фарзандлари моддий таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлагани аниқланган. МИБнинг вилоят бошқармаси қидирув шуъбаси олиб борган қидирув ишларида 5 нафари топилиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун давлат ижрочиларига топширилди. Тезкор қидирув тадбирлари чоғида бир нафари Туркия ва яна икки нафари Россия федерациясига чиқиб кетгани маълум бўлди.
Биласизми, нега бу маълумотларни очиқлаяпмиз? Жамиятда юз бераётган глобаллашув ҳамиятли ота-боболаримизнинг, кайвони она-момоларимизнинг сабру қаноати ва ибо-ҳаёсини ҳам, муқаддас оила қўрғонини барпо этишдаги миллий қадриятларимизни ҳам аста-секин кундалик турмушимиздан четга сураётганга ўхшайди. Замонга мослашиш баҳонасида куёв бўлмиш ота ва қайнотанинг, келин она ва қайнонанинг маслаҳатига қулоқ тутмагани, кексалар ўгитини тингламагани учун ҳам жамиятда алиментчилар учрамоқда. Бу доғнинг қавм-қариндошлар елкасига жуда оғир юк бўлишини, уларнинг маҳалла-куйда бошини эгиб қўйишини тасаввур ҳам қилишмаяпти. Она меҳрию, эркалашларидан мосуво бўлган жигарларининг келгуси тақдирини ҳам ўйлашмаяпти.
Сизнингча жамиятни янада соғломлаштириш, ажрим ёқасига келаётган ёш оилаларни сақлаб қолиш ва ажрашган онанинг фарзандига меҳрини уйғотиш ва ўтмишда жиддий синовлардан ўтган миллий қадриятларимизни ёшлар онгига болаликдан чуқур сингдириш учун қайси йўлни танлаш, қандай чоралар кўриш мумкин?
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири