Ҳар бир ота-она, энг аввало, фарзандини ўзи учун дунёга келтиради. Ахир бола оилани мустаҳкамловчи ришта. Шундай вақтлар бўладики, энг кучли муҳаббат ҳам ечолмаган муаммони оилада дунёга келган боланинг табассуми изга солади. Афсус, минг афсуслар бўлсинки, орамизда ҳаётининг давомчиси, уйининг файзи бўлмиш гўдаклари тақдирига бефарқ ота-оналар ҳам учрайди. Уларнинг ўйламай босган қадамлари сабаб бугун орамизда қанча болалар тирик етимлик азобини тортишмоқда.
Маълумотларга кўра, юртимизда 2021 йилнинг биринчи ярмида оилавий ажримлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ортган. Йил бошидан бери қарийб 20 мингта оила ажрашган.
Ажрашган оилаларнинг фарзандлари тақдири кимнинг қўлида? Уларни моддий таъминоти ҳақида ким бош қотиради, деган савол ҳар бир инсонни ўйга толдириши, шубҳасиз. Кўпинча биз болага алимент тўлаш деганда оталарни кўз олдимизга келтирамиз. Қонунчиликка кўра, суд бола отаси билан қолиши ҳақида қарор чиқарган тақдирда, оналарни фарзандлари вояга етгунга қадар уларнинг моддий таъминоти учун алимент тўлашга мажбурлайди.

Хабарларга кўра, Республика бўйича 2364 нафар аёл суд қарорларига мувофиқ фарзандининг таъминоти учун алимент тўлаши маълум қилинган. Биз аёлларни эркакларга қараганда масъулиятли, фарзандига меҳрибон деган қарашларда юрамиз. Хўш, алиментчи оналар фарзандининг таъминоти учун керакли маблағни ўз вақтида тўлаяпдими? Тўлашдан бош тортганда-чи, қандай чора кўрилади?
Масалан, Мажбурий ижро бюроси Музработ туман бўлими иш юритувига ноодатий бўлган алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжати келиб тушган ва ижро ҳаракатлари олиб борилган.
– Нафақат оталар, баъзида оналардан ҳам ўз боласи таъминоти учун алимент ундириш қийин бўляпди, –дейди МИБ Музработ туман бўлими давлат ижрочиси Абдуқодир Тошқулов. – Туманимизда яшовчи Г. Ғоипова оиласидан воз кечиб, бир нафар ёлғиз фарзандини қайнонасига ташлаб, ота уйига кетиб қолган. Г. Ғоипованинг қайнонаси болани ўз тарбиясига олиб, уни моддий таъминот билан таъминлашда қийналганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туманлараро судига боланинг онасидан алимент ундириб беришини сўраб қилган мурожаати қаноатлантириб берилган.
Мазкур суднинг 2018 йил 25 сентябрдаги алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича Бюронинг Музработ туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, боласини моддий таъминлашдан бўйин товлаган она билан бир неча бор тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилган.
Бироқ боласига алимент тўламаслигини айтган онага нисбатан Бюронинг туман бўлими томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судига тақдим этилди.
Жорий йилнинг 12 август куни Жиноят ишлари бўйича туман суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида боласига алимент тўлашдан бош тортган онанинг иши атрофлича кўриб чиқилди. Г. Ғоипова айбига иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам бир нафар фарзандининг таъминоти учун 8 миллион сўм алимент пулларини тўламаганлигини тан олиб, суддан енгиллик сўради.
Суд ҳуқуқбузар Г. Ғоиповага жазо тайинлашда айбини тан олиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, аёллигини, илгари маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига асосан унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.Аммо Г. Ғоипованинг маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиши алимент қарздорлиги воз кечилади, дегани эмас.
Нигора Рахмонова,
ЎзА